Ўзбек олимлари Боку шаҳрида бўлиб ўтган халқаро конференцияда иштирок этди
2026-05-26 11:00:00 / Янгиликлар

Озарбайжон Республикаси пойтахти «Боқий шаҳар» – Боку 2026 йил 14-15 май кунлари кенг миқёсдаги илмий тадбирга мезбонлик қилди. Озарбайжон давлат педагогика университетида «Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллиги: тил масалалари» («I Türkoloji Qurultayın 100 illiyi: Dil məsələləri») мавзусида бўлиб ўтган халқаро илмий конференцияда Озарбайжон, Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Татаристон, Корея, Россиянинг Олтой ва Қалмоқ ўлкалари, Украина, Молдова, Эстония, Афғонистон каби давлатлардан филолог ва тарихчи олимлар, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда бошқа ижодкорлар иштирок этдилар.
Мазкур нуфузли илмий анжуман 1926 йилда Бокуда ўтказилган Биринчи Туркология қурултойининг тарихий аҳамиятини қайта англаш, унда кўтарилган илмий масалалар ва илгари сурилган ғояларни бугунги туркология, тилшунослик, адабиётшунослик, фольклоршунослик, тарих, этнография ва рақамли гуманитар тадқиқотлар контекстида таҳлил қилишга бағишланди. Конференция доирасида «Тилшунослик ва терминология», «Адабиёт ва умумий маданий мерос», «Тарих ва этнография», «Таълим ва рақамли туркология» каби йўналишларда шўба мажлислари ташкил этилди. Ушбу шўбалар туркий халқларнинг умумий илмий-маданий мероси, тил сиёсати, терминология, алифбо масалалари, адабий алоқалар, замонавий рақамли туркология муаммоларини қамраб олди.
Конференциянинг очилиш маросимида Озарбайжон илм-фани ва таълим тизими вакиллари, университет раҳбарлари, туркология соҳасининг таниқли олимлари иштирок этди. Жумладан, Озарбайжон Миллий Фанлар академияси президенти Иса Ҳабиббейли, Озарбайжон Республикаси фан ва таълим вазири Эмин Амруллаев, Озарбайжон давлат педагогика университети ректори Жафар Жафаров, шунингдек, Туркия, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан келган илмий жамоатчилик вакиллари нутқ сўзлаб, 1-қурултойда илгари сурилган масалалар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмагани, аксинча туркий дунёнинг маънавий-тарихий меросини ижтимоий ва замонавий IT фанлари билан боғлиқликда чуқур ўрганиш эҳтиёжи ортиб бораётганини таъкидладилар.
Анжуманда Ўзбекистон олимлари энг фаол ва кенг таркибли делегациялардан бири сифатида қатнашди. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Наманган давлат университети, Жиззах давлат педагогика университети, Андижон давлат университети, Андижон давлат педагогика институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Осиё халқаро университети, Алфраганус университетидан ўндан зиёд профессор-ўқитувчилар ўз илмий маърузалари билан иштирок этдилар. Ўзбекистонлик олимларнинг маърузалари туркологиянинг турли йўналишларини қамраб олди. Жумладан, профессор Раъно Хўжаева «Хоразмийлар ўрта аср араб ва форс қўлёзмаларида» ҳамда «Мамлуклар даврида Миср ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётида туркий омиллар», профессор Саодат Муҳамедова «Ўзбек ва озарбайжон тилларида кичрайтириш-эркалашни ифодаловчи бирликларнинг гендер хусусиятлари», доцент Хуршида Қодирова «Ўзбек ва озарбайжон тилларининг лингвистик хусусиятлари», профессор Абдулҳай Собиров «Глобаллашув жараёнларининг туркий тилларга таъсири», доцент Мўминжон Сулаймонов «Ҳофиз Хоразмийнинг Озарбайжон адабиётига муносабати», доцент Замира Жўрабоева «Туркий тилларда интерференция масалалари», докторант Ҳулкар Сулаймонова «Хоразм цивилизацияси контекстида Абу Бакр Хоразмий мероси», доцент Тўлқин Тоғаев «Боку Туркология қурултойида Ўзбекистон намояндаларининг иштироки» мавзуларида маъруза қилдилар. Адабиёт ва умумий маданий мерос йўналишида ҳам ўзбекистонлик тадқиқотчилар фаол қатнашди. Доцент Ҳулкар Турдиева «Озарбайжон-Ўзбекистон адабий ва маданий ҳамкорлиги тарихи», Феруза Маннонова «Шарқ мумтоз тасаввуфий шеъриятида табиат фалсафаси ва рамзий тафаккур эволюцияси» мавзуларида маъруза қилдилар. Шунингдек, олималар Гулжаҳон Жуманазарова, Барно Болтаева ва Гулнора Холбоеванинг тилшунослик ҳамда таълим масалаларига оид чиқишлари конференция дастуридан ўрин олди. Айниқса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, болалар шоираси Кавсар Турдиеванинг тиббиёт ва адабиётнинг интеграциясига бағишланган маърузаси ва ўзбек тилида ўқиган шеърлари иштирокчиларда алоҳида таассурот қолдирди.
Конференция давомида ўзбекистонлик олимларнинг илмий чиқишлари катта қизиқиш билан кутиб олинди. Айниқса, ўзбек ва озарбайжон тилларининг қиёсий тадқиқи, туркий халқлар адабий алоқалари, Хоразм илмий-маданий муҳити, туркий тилларнинг глобаллашув шароитидаги тараққиёти, рақамли туркология ва сунъий интеллект даврида туркий тилларнинг истиқболлари каби масалалар атрофида қизғин илмий мулоқотлар бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, анжуман фақат маърузалар тақдимоти билан чекланиб қолмади. Озарбайжон, Туркия, Татаристон ва бошқа мамлакат олимлари билан тилшунослик, адабиётшунослик, фольклоршунослик, болалар адабиёти, тарих, этнография ҳамда таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Биргаликда илмий-инновацион лойиҳалар тайёрлаш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш, илмий нашрлар алмашинуви, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар учун академик алмашинув дастурларини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллигига бағишланган ушбу халқаро конференция туркий халқлар илмий тафаккурининг тарихий илдизлари ва замонавий тараққиёт йўналишларини уйғун ҳолда намоён этди. Айниқса, Ўзбекистон олимларининг фаол иштироки мамлакатимизда туркология, ўзбек тили ва адабиёти, манбашунослик, адабий алоқалар, фольклор ва рақамли тилшунослик соҳаларида олиб борилаётган тадқиқотларнинг халқаро илмий майдондаги ўрнини яна бир бор намоён этди.
Боку анжумани туркий дунё олимлари ўртасидаги илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий маданий меросни чуқур ўрганиш ва келажакдаги қўшма тадқиқотлар учун янги имкониятлар очгани билан аҳамиятли бўлди. Бу жиҳатдан конференция Биринчи Туркология қурултойининг тарихий анъаналарини давом эттирган ҳолда, туркий халқлар илм-фани, тили ва маданияти йўлида янги илмий мулоқот майдонига айланди.
