Жиззах вилояти делегацияси Чэнду шаҳрида йирик компания ва бизнес уюшмалари билан кенг қамровли ва самарали музокаралар ўтказди
2026-05-24 13:00:00 / Янгиликлар

Делегация дастлаб Чэнду шаҳридаги йирик бизнес уюшмаларидан бири — Rong Shang Zonghui фаолияти билан танишди. Учрашув давомида саноат кооперацияси, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва IT хизматлари ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва замонавий технологияларни жалб этиш бўйича келишувларга эришди.
Шунингдек, делегация рақамли молия ва халқаро тўлов тизимлари соҳасида фаолият юритувчи MothPay компанияси раҳбарияти билан музокаралар ўтказди. Учрашув давомида fintech технологияларини жорий этиш, халқаро электрон тўлов инфратузилмасини ривожлантириш, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида замонавий молиявий ечимларни қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга дрон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича йирик корхона вакиллари билан ҳам самарали мулоқот ўтказилди.
Бундан ташқари, делегация CCTEB Southwest Company раҳбарияти билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида Жиззах вилоятида қурилиш, энергетика, “яшил” технологиялар ва замонавий инфратузилма лойиҳалари ҳамда қурилишларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Компаниянинг Ўзбекистонда амалга оширган йирик энергетика лойиҳалари тажрибаси ҳам алоҳида қайд этилди.
Сафар давомида делегация “Elektro” автомобиллар ишлаб чиқариш ва таъмирлашга ихтисослашган замонавий корхона фаолияти билан ҳам танишди. Корхонада электротранспорт воситаларини ишлаб чиқариш, техник хизмат кўрсатиш ва инновацион технологиялар асосида сервис тизимини йўлга қўйиш тажрибаси ўрганилди.
Ушбу йўналишда ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувлар якунида томонлар ўртасида қатор меморандум ва дастлабки келишувларга эришилиб, Жиззах вилоятига инвестициялар жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича муҳим истиқболли режалар белгилаб олинди.
