Жиззахда Ҳаж сафари учун йўлланма ва Президент совғаси топширилди
2026-05-12 18:00:00 / Янгиликлар

Айниқса, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш борасидаги амалий ишлар кенг эътироф этилмоқда.
Яқин кунларда Рамазон ойи давомида эҳтиёжманд аҳоли қатлами учун катта миқдорда маблағлар йўналтирилиб, бепул жарроҳлик амалиётлари, ифторлик тадбирлари, рамазон ҳадялари, арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этиш ҳамда уй-жойларни таъмирлаш каби бир қатор хайрли ишлар амалга оширилган эди.
Бугун эса ана шу эзгу ишлар давоми сифатида юртдошларимиздан 100 нафари “Президент ҳожиси” деган улуғ мақомга муносиб топилиб, муқаддас Ҳаж амалларини адо этиш бахтига сазовор бўлмоқда.
Бу ҳолат инсонпарвар сиёсатнинг, халқимизга, айниқса эҳтиёжманд қатламларга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Шу муносабат билан Зафаробод туманидан Ўрозов Абдухошимга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳаж сафари учун йўлланмаси ва совғаси топширилди. Йўлланма ва совғани Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев зёратчининг хонадонига бориб, тантанали тарзда топширди.
“Президент ҳожилари” ташаббуси давлатимиз раҳбарининг халқимизга бўлган меҳр-эътибори, нуронийлар ва эҳтиёжманд инсонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган инсоний ёндашувининг ёрқин намунасидир.
Ҳаж зиёратига йўл олаётган фуқаролар давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликни чуқур ҳис этган ҳолда сафарга отланмоқда. Бу эса нафақат зиёратчилар, балки уларнинг оилалари, маҳаллалари ва бутун вилоят аҳли учун ҳам катта қувонч ва шарафли воқеадир.
Ҳаж сафари инсон қалбини поклайдиган, сабр-тоқат, шукроналик ва бирдамликка чорлайдиган улуғ ибодатдир. Муқаддас заминларда бўлиш, Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун катта бахт ва улкан масъулият ҳисобланади.
Шу боис, зиёратчилардан ушбу муборак сафар давомида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, оилаларимиз осойишталиги ҳамда Ватанимиз равнақи учун хайрли дуолар қилиш сўралади.
Айни кунларда Ҳаж амалларини осон ва қулай адо этиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, масъул ишчи гуруҳлар зиёратчилар хизматида бўлади.
Сафарни муносиб адо этган зиёратчилар юртимизга эзгу дуолар, улуғ таассуротлар ва маънавий поклик билан қайтишига ишонч билдирилмоқда.





