Жиззахда ёшлар билан ишлаш тизими рақамлашади
2026-05-06 08:10:00 / Янгиликлар

Айниқса, ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини аниқлаш, тизимли ўрганиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашда қоғозбозликдан воз кечилиб, аниқ ва мақсадли замонавий электрон тизимларига ўтишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Зомин туман ҳокимлигида бўлиб ўтган амалий семинарда Зомин, Зарбдор ва Янгиобод туманларидан соҳа мутахассислари қатнашиб, «Ёшлар ягона электрон платформаси»нинг қулайликлари, ундан фойдаланиш тартиби ва тизим орқали ёшлар мурожаатларини тезкор ҳал этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
— Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу янги платформа ёшлар билан ишлашда бизга гўё «кўзгу» вазифасини ўтайди. Эндиликда ҳар бир йигит ёки қизимизнинг масаласи, уларга кўрсатилаётган ёрдамлар ва имкониятлар ягона тизимда аниқ кўриниб туради, — дейди Ёшлар ишлари агентлиги Зомин тумани бўлими бошлиғи Бекзод Шукуров. — Бу эса ўз навбатида очиқликни таъминлаш баробарида, ҳар бир мурожаат ортида турган инсон тақдирига бефарқликни йўқотади. Шунингдек, маҳалла еттилигидан тортиб туман ва вилоят мутасаддиларигача бўлган барча бўғинни ягона тизимга бирлаштиради ва ишимиз сифати ошади.
Семинар якунида иштирокчилар платформани янада такомиллаштириш бўйича ўз таклифларини билдирдилар ҳамда чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган ёшларнинг муаммоларини масофадан туриб аниқлаш ва уларга манзилли ёрдам кўрсатиш бўйича келишиб олдилар.
