Жиззах вилоятида демографик ўсишда туғилиш кўрсаткичлари юқори бўлмоқда
2026-04-28 08:10:00 / Янгиликлар

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон бўйича туғилиш коэффициенти ҳар 1 000 нафар доимий аҳолига нисбатан ўртача 23,2 нафарни ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида ушбу кўрсаткичлар таҳлил қилинганда, Жиззах вилояти 24,1 нафарлик натижа билан юқори ўринлардан жой олгани эътиборга лойиқ. Бу эса вилоятда аҳоли сонининг табиий ўсиши барқарор кечаётганини англатади.
Шу билан бирга, Наманган (23,9 нафар), Фарғона (23,5 нафар) ва Андижон (22,8 нафар) вилоятларида ҳам туғилиш кўрсаткичлари республика ўртача даражасидан юқори экани кузатилмоқда. Қолган ҳудудларда эса мазкур кўрсаткич бироз пастроқ бўлиб, масалан, Тошкент шаҳрида 19,8 нафар, Қорақалпоғистон Республикасида эса 19,2 нафарни ташкил этган.
Жиззах вилоятида туғилиш кўрсаткичларининг юқори бўлиши, аввало, оила институтининг мустаҳкамлиги, аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватланиши ҳамда ҳудудларда амалга оширилаётган комплекс ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ.
Айниқса, сўнгги йилларда вилоятда янги иш ўринлари яратилиши, уй-жой қурилиши, тиббиёт ва таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолининг турмуш даражасига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса ўз навбатида, ёш оилалар сони ортиши ва фарзандли бўлишга бўлган ишончнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Жиззах вилоятида демографик жараёнлар ижобий тенденцияга эга бўлиб, туғилиш кўрсаткичларининг республика ўртача даражасидан юқори экани ҳудуднинг барқарор ривожланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
