Жиззахда янги Kia K3 автомобили ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди
2026-04-27 16:20:00 / Янгиликлар
















Автомобилни ишлаб чиқариш ADM Jizzakh заводида ташкил этилди. Ҳозирда бу ерда янги ишлаб чиқариш линияларини ишга тушириш ишлари тўлиқ якунланган. Лойиҳа Kia’нинг халқаро технологик стандартлари асосида амалга оширилиб, бутловчи қисмларни тайёрлашдан тортиб, якуний сифат назоратигача бўлган барча жараёнларни қамраб олади.
Янги седан кенг доирадаги ҳайдовчилар учун мўлжалланган бўлиб, кундалик фойдаланишга қулайлиги, замонавий дизайни, шинам салон ва илғор рақамли ечимлари билан ажралиб туради.
ADM компаниялар гуруҳи бош директори Данияр Давлетияров таъкидлаганидек, ушбу модель ишга туширилиши компания ривожланишида янги босқични бошлаб беради.
Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев ҳам янги лойиҳага бағишланган тадбирда сўзга чиқиб, ҳудуддаги саноат тараққиётига алоҳида тўхталди. Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, сўнгги ўн йилда Жиззах вилояти мамлакатнинг энг тез ривожланаётган индустриал марказларидан бирига айланди.
Илгари асосан қишлоқ хўжалигига таянган иқтисодиёт бугунги кунда юқори технологияли ишлаб чиқариш ва машинасозлик йўналишига изчил ўтмоқда.
Айни пайтда вилоятда автомобилсозлик саноати жадал ривожланиб, Kia билан бир қаторда BYD каби йирик брендлар моделлари ҳам ишлаб чиқарилмоқда.
Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида “ADM Jizzakh” МЧЖ қисқа вақт ичида мамлакатдаги йирик автомобилсозлик корхоналаридан бирига айланди. Агар 2021 йилда корхонада 4,6 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 46 мингтадан ошиб, 12,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Мазкур натижалар Жиззах вилояти ялпи ҳудудий маҳсулотининг 36 фоизини ва саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 54 фоизини ташкил этмоқда. Бу автомобилсозлик тармоғининг ҳудуд иқтисодиётидаги етакчи ўрнини яққол намоён этади.
Илгари 226 миллион доллар инвестиция ҳисобига Kia Sonet автомобилни тўлиқ циклда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, эндиликда янги Kia K3 модели учун 65 миллион доллар инвестиция киритилди.
Шунингдек, 100 миллион доллардан ортиқ сармоя эвазига маҳаллийлаштириш кластери ташкил этилиб, ўриндиқлар, пластик деталлар, резина зичлагичлар ҳамда лак-бўёқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.
Вилоятдаги икки автомобиль заводи бугун маҳаллийлаштириш жараёнларида “локомотив” вазифасини бажармоқда. Уларнинг атрофидаги ҳудудларда кооперация асосида янги ишлаб чиқаришлар ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари, “Жиззах” кимё технопаркида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда автомобил кабеллари ва фильтрлари ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу ташаббуслар юзлаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.
Умуман олганда, ишлаб чиқариш қувватларининг кенгайиши аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, меҳнат бозорига янги кириб келаётган ёшлар учун доимий иш ўринлари яратишда муҳим омил бўлмоқда.
