Халқаро майдонда юксак натижаларга эришган жиззахлик кикбоксчилар тақдирланди
2026-04-16 19:30:00 / Янгиликлар

Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев томонидан спортни ривожлантиришга қаратилган доимий эътибор натижасида вилоят спортчилари республика, Осиё ва жаҳон миқёсидаги нуфузли мусобақаларда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон кикбоксинг ассоциацияси Жиззах вилояти бўлими маълум қилишича, 2026 йил учун тасдиқланган мусобақалар режасига мувофиқ, жорий йилнинг 11–15 февраль кунлари ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида вилоятимиздан 40 нафардан ортиқ спортчи қатнашиб, фахрли биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритди. Натижада жами медаллар сони 30 тага етди.
Мазкур мусобақадан сўнг вилоятимиздан 5 нафар иқтидорли спортчи — Раймқулов Султонмурод, Мавлонов Шоҳжаҳон, Бўрибойев Шоҳнур, Тожибоев Иброҳим ҳамда Нормуродов Ҳожи Акбар жорий йилнинг 7–12 апрель кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида барча ёш тоифалари ўртасида ўтказилган Жаҳон кубоги мусобақасида иштирок этди.
Қувонарлиси, жиззахлик спортчилар мазкур халқаро мусобақада ҳам юксак маҳорат намоён этиб, 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Юқори натижаларни қайд этган спортчилар Жиззах вилояти ҳокими номидан вилоят ҳокимининг ўринбосари Саҳобиддин Болиев томонидан муносиб тақдирланди.
Бу ютуқлар вилоятимизда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор, мураббийлар меҳнати ва ёшларнинг спортга бўлган қизиқиши юксак даражада эканини яна бир бор яққол намоён этди.






