Америкадаги Жиззахлик ҳуқуқшунос
2026-04-07 09:40:00 / Янгиликлар

У халқаро ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, шахсий маълумотлар дахлсизлиги ва сунъий интеллект билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар бўйича изчил изланишлар олиб бормоқда.
Азиза Ражабова 2018–2022 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида халқаро ҳуқуқ йўналишида таҳсил олган. Шу даврдаёқ у ҳуқуқий билим билан бирга амалий тажриба ҳам тўплади. 2021–2022 йилларда Ташқи ишлар вазирлигида юридик-консуллик йўналишида амалиёт ўтади.
Кейинчалик у АҚШдаги Penn State университетида ҳуқуқ бўйича магистратурани муваффақиятли тамомлади. Шу билан бирга, Пенсилвания штати кўчмас мулк имтиҳони ҳамда Нью-Йоркдаги қатор юридик имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди.
Бугунги кунда Азиза Ражабова Нью-Йорк шаҳрининг Манҳеттен ҳудудидаги нуфузли юридик фирмада фаолият юритмоқда. Унинг сунъий интеллект, маълумотлар хавфсизлиги ва инсон ҳуқуқларига бағишланган қатор илмий мақолалари халқаро миқёсда эътироф этилмоқда.
Унинг фикрича, рақамли даврда шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш фақат маҳаллий эмас, балки халқаро ҳуқуқий ҳамкорликни талаб қилади. Шу боис у сунъий интеллект ва рақамли технологияларни инсон ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ҳуқуқий тартибга солиш масалалари устида иш олиб бормоқда.
Азиза Ражабова бугунги кунда Жиззахдан етишиб чиққан, халқаро ҳуқуқ, data privacy ва AI ҳуқуқи соҳасида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган ёш мутахассис сифатида эътироф этилмоқда.
