Жиззахда “Яшил макон” доирасида 4200 туп кўчат экилди
2026-04-01 16:00:00 / Янгиликлар

Ҳудудларда ҳам мазкур эзгу ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, Шароф Рашидов тумани Ҳамид Олимжон массиви ҳудудидаги автомобиль ҳалқа йўли атрофида тўғридан-тўғри видеоалоқа орқали кўчат экиш тадбирида иштирок этилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида баҳор мавсумида ўтказилган мазкур экологик тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев, фаоллар, нуронийлар, ёшлар, Экология ва иқлим ўзгариши соҳаси вакиллари, шунингдек, бир қатор корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида жами 4200 туп кўчат, жумладан, 2000 туп қайрағоч, 1000 туп сафора, 500 туп сада қайрағоч ва 700 туп павлония дарахт кўчатлари экилди.
Кўчатлар экиладиган майдонлардаги ерларга агротехник қоидалар асосида ишлов берилиб, кўчат экиш учун сув, органик ўғитлар ва бошқа барча зарурий воситалар билан таъминланди.
Мазкур тадбир ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш ҳамда аҳоли учун янада мусаффо атроф-муҳит яратишга хизмат қилади.
