Жиззахда талабалар учун имкониятлар кенгаймоқда
2026-03-30 08:00:00 / Янгиликлар

Жумладан, мамлакат бўйлаб олий таълим муассасаларида жами 7 100 та янги талаба ўрни фойдаланишга топширилди.Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қувонарлиси, мазкур кўрсаткичларда Жиззах вилояти ҳам муносиб ўрин эгаллаб, ҳудудда 1 000 та янги талаба ўрни яратилди. Бу эса вилоятда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини янада ошириш, улар учун замонавий таълим муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Жиззах вилоятида сўнгги йилларда олий таълим инфратузилмасини кенгайтириш, янги ўқув бинолари ва талабалар турар жойларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада амалга оширилаётган ишлар нафақат вилоят ёшлари, балки қўшни ҳудудлардан келиб таҳсил олаётган талабалар учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
Талабалар ўринлари сонининг ортиши келгусида ҳудудда малакали кадрлар захирасини шакллантириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
