Жиззахдаги қўриқхонада биотехник тадбирлар давом этмоқда
2026-03-14 08:00:00 / Янгиликлар

Бироқ вилоятнинг Зомин туманидаги баланд тоғларда ёққан қорлар ҳали тўлиқ эримаган. Шу боис бу ерларда ҳаво ҳануз салқин, айрим кунлари эса совуқ ҳам анча сезиларли бўлиб, этни жунжиктиради.
Бундай шароитда ёввойи ҳайвонлар ва қушлар қор остида қолган озуқани топишга ҳаракат қилади. Аммо ҳар доим ҳам табиат улар учун осон имконият яратиб бермайди. Айниқса, қор қоплами қалин бўлган кунларда озуқа топиш қийинлашади.
Шу сабабли Зомин давлат қўриқхонасида мутахассислар томонидан биотехник тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бу ишлардан кўзланган асосий мақсад – ҳайвонот дунёсининг табиий муҳитда барқарор яшашини таъминлаш, қишнинг синовли кунларида уларни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тизимидаги қўриқхона ходимлари олдиндан белгиланган махсус нуқталарга мунтазам равишда қўшимча ем-хашак етказиб беришмоқда. Бу орқали тоғ ва ўрмонларда яшовчи ёввойи ҳайвонлар ҳамда қушларнинг озуқага бўлган эҳтиёжи маълум даражада қондирилмоқда.
Амалга оширилаётган ушбу биотехник тадбирлар жонли табиатни асраш, биологик хилма-хилликни сақлаб қолиш ҳамда табиат ва инсон ўртасидаги уйғунликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
