Жиззахлик “гулчи опа”
2026-03-12 08:00:00 / Янгиликлар

Унча катта бўлмаган, ихчам ва саришта ҳовлидаги томорқа ерлари шундоққина кўриниб туради. Ердан унумли фойдаланилган. Остона хатлаб ичкарига кирганингизда эса ҳар томонда яшнаб турган турли хил гуллар кўзни қувонтиради.
Ушбу гўзалликларнинг муаллифи – кўпчиликка “гулчи опа” номи билан танилган Моҳира Абдужабборова.
– Ҳар бир ишда ҳикмат бор, ҳар қийинчиликнинг албатта мукофоти ҳам бўлади, – дейди Моҳира опа. – 2000 йилларда оғир касалликка учрадим. Тўғриси, хасталик мени тушкунликка солди. Шундай кунларнинг бирида турмуш ўртоғимнинг холаси менга икки туп гул кўчати бериб: — “Шу билан шуғулланинг, иш билан овора бўлсангиз дардингиз енгиллашади”, — деди.
Моҳира опа гулларни парваришлаш орқали ҳақиқатан ҳам дардидан фориғ бўлганини мамнуният билан эслайди. Ана шу туртки унинг гулларга астойдил меҳр қўйишини таъминлади ва 2005 йилдан бошлаб фаолиятини кенгайтира бошлади. У доимий равишда гулларни етиштириш, уларни тўғри парвариш қилиш борасида изланишда бўлади, билмаганини сўрайди ва ўрганади. Қисқа вақт ичида аввал маҳалладошлар, кейинчалик вилоятнинг турли ҳудудларидан харидорлар кела бошлайди. Ҳавас учун бошланган иш – оилавий тадбиркорликка айланди.
Тадбиркор қишнинг совуқ кунларида гулларни асраш мақсадида ҳам тадбирли усулларни йўлга қўйган. Иссиқхона учун чуқур қазиб, тагига маҳаллий ўғит солинган. Устидан тувакдаги гуллар териб, икки қават полиэтилен плёнка билан ёпилган. Бу усул билан гул кўчатлари изғиринли кунларда ҳам нобуд бўлмай, ўсишда давом этади.
“Қаловини топсанг, қор ҳам ёнади”, деган гап бежиз айтилмаган, Иштёқ ва меҳнат бўлса, ҳамма нарсанинг иложи бор.
Шу ҳаракатчанлик билан Моҳира опа лимон кўчатларини ҳам муваффақиятли етиштиришни йўлга қўйган.
– Кўчатларни махсус гултувакларда ўстирамиз, чунки баъзи мижозларимиз ёз фаслида ҳам лимон кўчатини сўрашади, – дейди у барқ уриб турган ўсимликларга қараб. – Қишда лимонларни ёпиқ жойда сақлаш керак. Бунинг ҳам ўзига хос қоидалари бор. Унчалик иссиқлик ҳам шарт эмас. Биз лимонларни қиш кунлари асосан икки қават плёнка остида сақлаймиз. Тагига маҳаллий ўғит солинади, устидан кўчатлар терилади. Сўнг сув сепилса, гўнг ўзидан иссиқлик чиқаради ва бу ҳарорат кўчатларимиз учун етарли бўлади.
Ҳаракат қилган одам кам бўлмайди. Моҳира опа мўъжазгина ҳовлисида меҳнатлари ортидан уй қургани, машина олгани ҳақида ҳам шукроналик билан сўзлайди. Унинг фикрича, бирдамликда олиб борилган ишнинг қийинчилиги бўлмайди.
Моҳира опа замон билан ҳамнафас бўлиб, гулчиликка қизиқадиганларга беминнат маслаҳат беради. 2020 йилдан бошлаб у ижтимоий тармоқлар орқали алоҳида канал очиб, кўчатларни парвариш қилиш ва гулларни асраш борасида маслаҳатларини бериб боради.
Қаҳрамонимиз хонадонидан қайтар эканман, бир ҳақиқатни янада теранроқ англагандек бўлдим: ҳаёт курашдан қўрқмайдиган, меҳнатдан толмайдиган инсонларни сийлайди. Чиндан ҳам иштиёқ ва меҳнат билан олға интилган инсоннинг йўли ҳам, қадри ҳам баланд бўлиб бораверади.
