Жиззахда хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда
2026-03-10 09:00:00 / Янгиликлар

Хусусан, 2025 йилда 62 минг нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган бўлса, амалда 100 минг нафардан ортиқ аёлнинг иш билан таъминланишига эришилди. Бу белгиланган режанинг 162 фоизга бажарилганини кўрсатади.
Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 21 минг 157 нафар аёлга жами 556,2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Имтиёзли кредитлар ҳисобига 10 минг 744 нафардан ортиқ аёл тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди. Улардан 8 минг 59 нафари юридик шахс сифатида, 2 минг 685 нафари эса якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолият бошлади.
Шунингдек, вилоятда пиллачилик соҳаси ҳам хотин-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Жорий йилда 16 минг 669 қути (1000 тонна) пилла етиштирилиб, ушбу соҳа орқали 40 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.
Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда “Аёллар дафтари” тизими муҳим аҳамият касб этмоқда. Сўнгги беш йил давомида мазкур тизим орқали 187 минг 457 нафар аёлга кафолатланган ижтимоий хизматлар кўрсатилди. Барча манбалар ҳисобидан 6 тоифада рўйхатга олинган хотин-қизларга жами 181 миллиард сўмлик ёрдам ажратилди.
Жумладан, 2025 йилнинг ўзида 46 минг нафар опа-сингилларга 38 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга, 65 нафар хотин-қизнинг уй-жой шароити 279 миллион сўм маблағ ҳисобига яхшиланди.
Олий таълимга кириш имкониятларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Охирги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган 2 минг 978 нафар талаба хотин-қизнинг 7 миллиард 634 миллион сўмлик контракт тўловлари қоплаб берилди. Шунингдек, эҳтиёжманд оилалардаги 1000 нафардан ортиқ қизлар учун олий таълим муассасаларига кириш бўйича тавсияномалар берилди.
Бу ишлар натижасида бугунги кунда Жиззах вилоятида олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хотин-қизлар улуши қарийб 55 фоизга етди.
Жорий йилда Оила ва хотин-қизлар тизими ташаббуси билан тадбиркор аёллар ҳамда тадбиркорликни бошлаш истагида бўлган хотин-қизлар ўртасида “Энг яхши ижтимоий лойиҳалар” танлови ўтказилди. Танлов доирасида вилоятдаги 304 та маҳалланинг ҳар бирига 25 миллион сўмгача ваучерлар тақдим этилди.
Мазкур ташаббуслар натижасида ҳар бир маҳалладан ўртача 3–4 нафардан, жами 1000 нафарга яқин қишлоқ аёлларининг бандлиги таъминланиши кутилмоқда.
