Жиззахда мактаб ва мактабгача таълим соҳаси ривожлантирилади
2026-02-24 09:05:00 / Янгиликлар

Жорий дастурга мувофиқ, мактабгача таълим соҳасида 11 та давлат, 2 та хусусий, 12 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ҳамда 86 та оилавий боғча ташкил этилади. Натижада 6 750 та қўшимча қувват яратилади.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар орқали мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 76,7 фоиздан 85 фоизга етказилиши режалаштирилган.
Бу эса болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун мустаҳкам замин яратади.
Умумтаълим мактаблари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида 20 та мактабда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, 3 та янги мактаб биноси барпо этилади.
Белгиланган вазифалардан яна бири — мактаб битирувчиларининг давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичини 50 фоизга етказишдир. Бу орқали ёшларнинг билим олишга бўлган интилиши ва рақобатбардошлиги оширилади.
2026 йилда меҳнат бозорига кириб келадиган 18 345 нафар битирувчининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Бу борада касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш ва янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ёшлар дафтари” орқали 5 000 нафар ёшларнинг турли ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилади. Мазкур механизм ёшларни қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаси сифатида хизмат қилмоқда.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этиладиган танлов ва мусобақаларда 520 минг нафар ёшларни қамраб олиш режалаштирилган.
Бу орқали ёшларнинг спорт, маданият, санъат ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга кенг имконият яратилади.
Жиззах вилоятида таълим ва ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳудуднинг интеллектуал ва ижтимоий тараққиётига хизмат қилмоқда.
