Миср компанияси Жиззахда иккита шакар заводи қуради
2026-02-18 09:15:00 / Янгиликлар

Мисрнинг “Nile Sugar” компанияси жорий йилнинг март ойидан Жиззах вилоятида қанд лавлаги етиштириш ва уни қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширишни бошлайди.
Fixygen нашрига кўра, мазкур лойиҳа йилига 200 минг тоннагача шакар ишлаб чиқаришни кўзда тутади. Инвестицияларнинг умумий ҳажми 450 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда ва у тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар шаклида амалга оширилади.
Лойиҳа учун Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Фориш туманларидан қанд лавлаги етиштириш учун 50 минг гектар ҳамда шакар заводи қурилиши учун 170 гектар ер майдони ажратилган.
Қайд этилишича, келишувларнинг амалга оширилиши Ўзбекистонга замонавий агросаноат ва қайта ишлаш технологияларини жалб қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда ички бозорни маҳаллий шакар маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш имконини беради.
