Жиззахда U-19 қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бошланди
2026-02-17 08:30:00 / Янгиликлар

Жамоалар 4 та гуруҳга ажратилган бўлиб, дастлабки босқич уч кун давом этади. Гуруҳ ўйинлари якунларига кўра, ҳар бир гуруҳдан 1–2-ўринни эгаллаган жамоалар чорак финал йўлланмасини қўлга киритади. Финал баҳслари 18 февраль куни ўтказилиши режалаштирилган.
Чемпионатнинг очилиш маросимида вилоят волейбол федерацияси раиси Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, ёшлар спортини ривожлантириш ва иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига тўхталди. Шунингдек, Миллий олимпия қўмитасининг вилоят вакиллиги ижрочи директори Акмал Аҳмедов мамлакатимизда аёллар спортига қаратилаётган юксак эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлар ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.
Мусобақа нафақат ғолиб ва совриндорларни аниқлаш, балки ёш спортчиларнинг маҳорат ва тажрибасини ошириш, келгусида миллий терма жамоа сафини муносиб тўлдиришга хизмат қилади.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси мураббийи Озод Казаковнинг 65 йиллик юбилейи муносабати билан унга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, самимий табриклар изҳор этилди.
