Фужайрада Жиззахлик таэквондочилар мувофақиятли иштирок этди
2026-02-12 08:00:00 / Янгиликлар

Дунёнинг турли давлатларидан ташриф буюрган 2 мингдан ортиқ маҳоратли спортчилар иштирок этган ушбу мусобақада юртдошларимиз муносиб иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этишди. Турнир, айниқса, истеъдодли ёшлар учун катта маҳорат мактаби вазифасини ўтади.
Муросасиз беллашувлар якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 7 та олтин, 6 та кумуш ва 13 та бронза медалларини қўлга киритди.
Бу эса мамлакатимизда таэквондо спорт тури изчил ривожланиб, ёшлар орасида оммалашиб бораётганини яна бир бор намоён этди.
Қувонарлиси, ушбу ютуқларда жиззахлик иқтидорли спортчиларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Ёшлар ўртасидаги беллашувларда Шермуҳаммадхон Қаҳҳоров (48 кг) ва Одина Жўрабоева (55 кг) чемпионликни қўлга киритди.
Шунингдек, ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда Эъзоза Шуҳратова (51 кг) ҳамда Одина Қайсарова (33 кг) бронза медалларига сазовор бўлишди.
Чемпион бўлган спортчиларимиз шарафига Фужайра спорт мажмуасида Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилиб, давлат мадҳиямиз баралла янгради.
Бу ғалабалар юртимиз спортининг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
