Жиззахда “Тез ёрдам” хизматини рақамлаштириш натижасида тезкорлик ва самарадорлик янги босқичга кўтарилмоқда
2026-02-03 08:30:00 / Янгиликлар

Мурожаатни қабул қилишдан тортиб, тезкор бригадаларнинг чақирув манзилига етиб бориш вақти кескин қисқариб, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари кенгайди.
Филиалда Metadata-2 дастури маҳаллийлаштирилиб, электрон автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилди. Натижада бригадаларнинг чақирувга етиб бориш вақти аввалги 25–30 дақиқадан 10–15 дақиқагача қисқарди. Мурожаатни қабул қилишдан бригаданинг йўлга чиқиш муддати эса бор-йўғи 1 дақиқани ташкил этмоқда.
Бу кўрсаткичлар оғир ҳолатларда инсон ҳаётини сақлаб қолишда жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Рақамлаштириш орқали бутун жараён — мурожаатчининг овозли хабари, беморга қўйилган ташхис ва берилган дори воситалари ҳақидаги маълумотлар сақланиб, уларни онлайн тарзда кузатиш имконияти яратилди.
Яқинда Yandex платформаси билан ҳамкорликда оғир реанимацион ҳолатларда чақирувларга хизмат кўрсатиш вақти ва масофани онлайн назорат қилиш тизими ҳам ишга туширилди.
Бугунги кунда филиалда ҳайдовчи, ҳамшира ва шифокорлардан иборат 3 250 нафар ходим 124 та гуруҳ таркибида фаолият юритмоқда. Вилоят бўйича 70 та бинода жойлашган тез тиббий ёрдам бўлимлари узлуксиз алоқа, ёқилғи ва электр таъминоти билан таъминланган. Чунки мурожаатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Бир кунда ўртача 2 500 та чақирув қабул қилинса, мавсумий касалликлар авж олган даврларда бу кўрсаткич 3 800 тагача етади. Фақат 2025 йилнинг ўзида Жиззах вилоятида “Тез ёрдам” хизматига 561 894 та мурожаат келиб тушган.
Айни пайтда филиал ихтиёрида 10 та Ford ва 2 та Volkswagen русумли тез тиббий ёрдам автомашиналари мавжуд. Жорий йилда олис ва тоғли ҳудудлар учун қўшимча 8 та йўлтанламас автомашина олиб келиш режалаштирилган.
Шунингдек, фуқаролар учун яна бир қулайлик жорий этилди: кечаю кундуз ишлайдиган икки пост ташкил қилиниб, “103” рақами орқали шифокор маслаҳатини олиш имконияти яратилди.
Шу тариқа, Жиззах вилоятида тез тиббий ёрдам хизматида олиб борилаётган рақамлаштириш жараёнлари аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, инсон ҳаётини асраш ва соҳа фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этишга хизмат қилмоқда.
