Жиззах вилоятида 2025 йилда 37 мингдан ортиқ чақалоқ дунёга келди
2026-02-03 08:00:00 / Янгиликлар

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига асосан, мамлакат бўйлаб жами 879 минг 599 та тирик туғилиш ҳолати қайд этилган. Ушбу кўрсаткич аҳолининг табиий ўсиши ва ижтимоий барқарорликнинг муҳим омилларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Жиззах вилоятида ҳам ушбу жараён ижобий суръатларда кечмоқда.
Хусусан, 2025 йил давомида вилоятда 37 минг 393 нафар чақалоқ дунёга келди. Бу кўрсаткич Жиззах вилояти аҳолиси сонининг ошиши, ёш авлод салмоғининг ортиши ҳамда меҳнат бозори ва ижтимоий соҳада узоқ муддатли ривожланиш учун муҳим замин яратаётганини англатади.
Мутахассислар таъкидлашича, туғилиш кўрсаткичларининг барқарор сақланиши соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган давлат дастурлари, шунингдек, аҳолининг турмуш даражаси ошиб бораётгани билан бевосита боғлиқ.
Айни пайтда вилоятда мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш объектлари ва ижтимоий инфратузилмани кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳоли сони ўсишига мос равишда хизматлар сифатини оширишга қаратилмоқда.
Бу эса келгуси йилларда ҳам Жиззах вилоятида демографик ўсиш барқарор сақланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу тариқа, 2025 йилда қайд этилган туғилиш кўрсаткичлари Жиззах вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим омил бўлиб, янги авлод учун муносиб шарт-шароитлар яратиш йўлидаги ишларга янада куч бағишламоқда.
