Тарих
Фуқаро муҳофазаси ва фавқулодда вазиятлар раҳбарлар таркибини тайёрлаш бўйича Республика маркази 1992 йили ташкил этилиб, 1996 йилгача фаолият кўрсатган. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг таклифига биноан 1995-йил 16 август куни Фавқулодда Вазиятлар Вазирлигини тузиш ҳақида қарор қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 4 мартдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда Вазиятлар Вазирлиги ташкил этилган бўлиб, мазкур фармон бўйича вазирликнинг вазифалари қуйидагича белгиланган:
- фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, аҳоли ҳаёти ва саломатлигини, моддий ва маънавий қадриятларини муҳофаза қилиш, шунингдек тинчлик ва ҳарбий даврда фавқулодда вазиятлар вужудга келганда уларнинг оқибатларини тугатиш ҳамда зарарини камайтириш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай ҳоллардаги ҳаракатларини бошқаришнинг давлат тизими (ФВДТ)ни ташкил этиш ва унинг фаолиятини таъминлаш;
- Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасига раҳбарлик қилиш;
- Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенаши, ҳокимликларнинг аҳолини ва миллий бойликларини муҳофаза қилиш, авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатлар туфайли вужудга келган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир фаолиятини мувофиқлаштириб бориш;
- Фавқулодда вазиятларни бартараф этишга, аҳолини, мамлакат ҳудудини муҳофаза қилишга ҳамда улар вужудга келган тақдирда халқ хўжалиги объектлари фаолиятининг барқарорлигини оширишга, шунингдек аҳолини, мансабдор шахсларни ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундай ҳоллардаги ҳаракатларни бошқаришнинг давлат тизими тузилмаларини тайёрлашга қаратилган мақсадли ва илмий-техник дастурларни ишлаб чиқишни ташкил этиш ва амалга ошириш;
- Фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш учун молия, озиқ-овқат, тиббиёт ва моддий-техника ресурсларининг давлат фавқулодда заҳира фондларини ташкил этишга доир ишларни мувофиқлаштириб бориш ва ҳоказо.
