Жамоатчилик кенгаши
Жамоатчилик кенгаши
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши таркиби
Кенгаш раиси: Ўзбекистон Суд бошқарувчилари ассоциасияси раиси Икрамов Эргашвой Джумабаевич
Раис ўринбосари: Ўзбекистон сувда қутқарув жамияти масъул ходими - Ахунов Сирожиддин Таджиддинович
Кенгаш аъзолари: Ўзбекистон Республикаси оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси - Парпибаева Озода Абдуқодировна;
Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти директори - Исмаилов Вахидхан Алиханович;
Гидрометеорология Илмий тадқиқот институти директори - Турғунов Дониёр Маннопжанович;
Хавфли геологик жараёнларни кузатиш хизмати бошлиғи - Бимурзаев Гани Амиргалиевич;
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2-бўлим бошлиғи - Тўхтаев Нарзулло Худойбердиевич;
Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги бошқарма масъул ходими - Ахмадалиев Элмурод Рахмат ўғли;
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси - Саттаров Хайрулла Файзуллаевич;
Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бош мутахассиси - Закирова Махфират Солиевна;
“ЭРИЕЛЛ” Ўзбекистон АЖ бўлим бошлиғи - Шарипов Джураът Шавкатович;
Тошкент шаҳар M.Ulugъбек тумани А.Навоий МФЙ раиси - Назаров Баходир Мирзаевич;
ФВВ муассислигидаги “Муҳофаза” журнали ва “Вазият”газетаси Бирлашган таҳририяти ДУК бош муҳаррири ўринбосари - Қобилов Анвар Бахриддинович;
Ўзбекистон ёнғин ўчирувчилар ва қутқарувчилар спорти федерацияси ижрочи директори - Исламов Сардор Искандерович;
Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Фахрийлар Кенгаши раиси - Мирзаитов Мирзохид Мирагзамович
Кенгаш котиби: ФВВ Фуқаро муҳофазаси институти Радиацион, кимёвий ва тиббий-биолигик муҳофаза кафедраси катта ўқитувчиси - Мардонов Алишер Абдуназарович
Телефон рақамлари:
Кенгаш раиси: 78 150-32-19, 71 239-41-80.
Кенгаш котиби: 71 266-50-32
Жамоатчлик кенгашининг йиғилишлари: ҳар ойнинг охирги жумаси соат 09.00 дан 11.00 гача
Кун тартибидаги масалалар: Вазирлик ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий-маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини яҳшилаш, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштиришда ҳамкорлик қилиш
Ўзбекистан Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузуридаги жамоатчилик кенгашининг (кейинги ўринларда – жамоатчилик кенгаши) асосий вазифалари, функциялари, ваколатларини ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Жамоатчилик кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.
3. Жамоатчилик кенгаши вазирлик Марказий аппарати ҳузурида ташкил этилади
ва унинг фаолияти ҳудудий бошқармалар ва таркибий тузилмаларга татбиқ этилади.
4. Жамоатчилик кенгаши Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи (қарори) билан ташкил этилади.
5. Жамоатчилик кенгашининг қарорлари тавсиявий ҳусусиятга эга.
6. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари
ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.
7. Жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги Низом ва унга киритиладиган ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи (қарори) билан тасдиқланади.
2-боб. Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари
8. Қуйидагилар жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:
қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жамоатчилик манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш сохасида қонун ҳужжатлари талаблари ижросини таъминлаш, вазирлик зиммасига юкланган ҳамда ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахл қилувчи вазифалар ва функцияларни бажариш, давлат хизматларини кўрсатиш, ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, буюртмалар, лойихалар ва дастурларни рўёбга чиқариш буйича вазирлик ва унинг мансабдор шахсларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
биргаликда мулоқот қилиш, вазирликнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун вазирликни фуқаролар билан боғлаб турадиган “кўприк” ролини бажариш;
фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан вазирлик фаолияти ҳақидаги жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, социологик сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот- коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;
вазирлик фаолиятида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилган ишлар устидан мониторинг ва таҳлил ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлаш;
вазирлик фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган тадбирларни мониторинг қилиш, ҳамда фаолият тўғрисида батафсил ахборот олиш имкониятларини таҳлил қилиш, уларни янада кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
вазирлик фаолиятини ислоҳ қилишда фуқаролар иштирок этиши учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш ва уларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
вазирлик фаолияти бўйича фуқаролар ўртасида ўтказиладиган тушунтириш ишлари ва маънавий-маърифий тадбирларда иштирок этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
вазирлик ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий- маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсагиш шароитларини, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштириш бўйича муаммоларни комплекс таҳлил қилиш ҳамда таҳлил якунлари бўйича мазкур шароитларни яхшилаш юзасидан таклифлар киритиш.
9. Жамоатчилик кенгаши ўз зиммасига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:
вазирлик фаолиятига доир масалалар юзасидан фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ташаббуслари ҳамда мурожаатларини кўриб чиқишда иштирок этади, шунингдек, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича вазирликка тегишли таклифлар киритади;
вазирликнинг фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини таҳлил қилади, шунингдек, ҳамкорликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
вазирлик фаолиятига дахилдор давлат дастурлари, чора-тадбирлар режаси ва бошқа ҳужжатларни тайёрланиши шу жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасига оид ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича таклиф тайёрлайди, шунингдек, ваколати доирасида уларнинг ижросини таъминлашда иштирок этади, самарадорликни таҳлил қилади ҳамда йўл қўйилган хато ва камчиликлар бўйича таклиф тайёрлайди;
вазирлик раҳбарияти ва ходимларининг фуқаролар билан жойларга чиққан ҳолда учрашувларини ташкил қилишда ҳамда жисмоний ва юридик шахсларни қабул қилинишида иштирок этади, учрашувлар ўтказилиши мониторингини юритади;
вазирлик ходимлари ва улар оилаларининг уй-жой, ижтимоий- маиший, хизмат шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини яхшилашда, шунингдек, ишдан бўшатилган ёки захирага олинган ходимларни ижтимоий ва касбий мослаштиришда ҳакорлик қилади;
вазирлик ходимлари ўртасида ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофазаси масалалари юзасидан кенг тарғибот ишларини ташкиллаштиради;
вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда таркибий тузилмаларида юксак ҳарбий интизомга эришиш, ватанга содиқ хизмат қилиш, маънавий-ахлоқий тарбияни мустаҳкамлаш, соғлом руҳий психологик муҳитни сақлаш, қонунларга риоя қилиш ва ҳуқуқий маданитятни шакллантиришга хизмат қилувчи таклифларни ишлаб чиқиш;
доимий равишда вазирлик фаолиятини ислох қилинишига оид маълумотларни кенг жамоатчиликка ҳамда чет элларда тарғиботини олиб бориш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ва камчиликларни бартараф қилиш бўйича таклиф ишлаб чиқиш;
вазирлик фаолиятига бағишланган илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, семинарлар, давра сухбатларини ташкил қилишда иштирок этади;
вазирлик фаолиятини оммавий ахборот воситалари томонидан ёритиб борилиши бўйча амалга оширилган ишлар натижаларини таҳлил қилади ҳамда самарадорлигини ошириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
ўзига юклатилган вазифаларни бажаришда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлик қилади.
10. Жамоатчилик кенгаши зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун:
вазирлик томонидан ташкил этиладиган бўлажак очиқ ҳайъат мажлислари ва бошқа оммавий тадбирлар туғрисидаги ахборотни олдиндан олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;
вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари, таркибий тузилмалари бинолари (хоналари) ва бошқа объектларини вазирлик томонидан белгиланган тартибда бориб кўриш;
вазирлик ва унинг ҳудудий бошқармалари, таркибий тузилмалари рахбарларига жамоатчилик кенгаши ваколатига кирадиган масалалар юзасидан таклифлар киритиш;
вазирлик фаолияти самарадорлигини ошириш буйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган вазирликнинг ахборотлари, статистика ва бошқа материалларини белгиланган тартибда олиш;
вазирликнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида, вазирлик томонидан ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик ва экспертлар мухокамасини таъминлашда иштирок этиш;
жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига вазирлик томонидан берилган жавобларнинг сифатини танлаб олган ҳолда таҳлил қилиш;
вазирлик ходимларининг розилиги билан уларнинг уй-жой, ижтимоий-маиший ва хизмат шарт-шароитлари билан танишиш;
жамоатчилик кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;
юклатилган вазифаларни бажариш учун конференциялар, форумлар, семинарлар, давра сухбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ҳуқуқига эга.
Жамоатчилик кенгаши қонун ҳужжатларига мувофик бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятини амалга оширишда:
жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя килиши;
вазирлик фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга амал қилиши;
вазирлик ва унинг мансабдор шахсларининг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;
вазирлик ва унинг мансабдор шахслари фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги;
фуқароларнинг ор-номуси ва қадр-қимматини таҳқирлашга, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслиги;
жамоатчилик назоратини амалга ошириш давомида олинган ахборотнинг, агар бундай ахборотни тарқатиш қонун билан чекланган бўлса, махфийлигига риоя қилиши шарт.
Жамоатчилик кенгашининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
3-боб. Жамоатчилик кенгашининг таркибини шакллантириш ва ишини ташкил этиш тартиби
12. Жамоатчилик кенгашининг таркибига унинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари киради.
13. Жамоатчилик кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида намунали хизмат қилган фахрийлар, жамоатчилик фаолияти соҳаларида катта амалий тажрибага эга обрў-эътиборли фуқаролар, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари қабул қилинади.
Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг сони чекланмаган.
14. Жамоатчилик кенгашининг таркиби Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғи (қарори) билан ҳар 2 йилда тасдиқланади.
15. Қуйидаги ҳолатларда жамоатчилик кенгашининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:
улар томонидан жамоатчилик кенгаши таркибидан чикиш тўғрисида ариза берилганда;
жамоатчилик кенгашининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;
уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;
вафот этганда, шунингдек, суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.
16. Жамоатчилик кенгашининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар ва унга киритилган ўзгартиришлар улар тасдиқланган пайтдан бошлаб 5 кун ичида давлат органининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
17. Жамоатчилик кенгашининг раиси:
жамоатчилик кенгашининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;
жамоатчилик кенгашининг мажлисларини чақиради ва кун тартибини белгилайди;
жамоатчилик кенгашининг мажлисларида раислик килади;
жамоатчилик кенгашининг иш режасини, мажлиси баённомасини
ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;
жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилади;
жамоатчилик кенгаши аъзоларининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажарилишини мувофиқлаштиради;
вазирликнинг расмий веб-сайтида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган жамоатчилик кенгашининг фаолияти туғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва уни Фавқулодда вазиятлар вазири билан келишади;
жамоатчилик кенгаши қарорларини бажариш масалалари юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазири билан ҳамкорлик қилади;
жамоатчилик кенгашининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.
18. Жамоатчилик кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг ваколатлари ва мажбуриятларини раис ўринбосари бажаради.
19. Жамоатчилик кенгаши раисининг ўринбосари:
раис йўқлигида жамоатчилик кенгашининг мажлисларида раҳбарлик қилади;
жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилиш бўйича ишларни ташкил этади;
фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, жамоатчилик кенгаши фаолиятига тааллуқли мурожаатларни кўриб чиқиш буйича ишларни ташкил этади;
жамоатчилик кенгашининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.
20. Жамоатчилик кенгашининг котиби:
жамоатчилик кенгашининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий
ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;
жамоатчилик кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, вазирлик ходимларидан зарур ҳужжатлар
ва маълумотларни сўраб олади;
кун тартибига мувофиқ жамоатчилик кенгаши мажлислари ўтказилишини ташкил этади;
жамоатчилик кенгаши ўтказиладиган сана, жой ва таклиф этиладиган шахслар рўйхатини жамоатчилик кенгашининг раиси билан келишади;
жамоатчилик кенгашининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни жамоатчилик кенгаши мажлиси ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор килади;
жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижро этилиши устидан мониторинг олиб боради ва унинг натижаларини жамоатчилик кенгаши мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;
жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг жамоатчилик кенгаши аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга жўнатилишини таъминлайди;
жамоатчилик кенгашининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.
21. Жамоатчилик кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.
Жамоатчилик кенгашининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, унинг аъзоси мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.
Жамоатчилик кенгашининг аъзолари:
ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажариш учун вазирлик томонидан ташкил этиладиган хайъат мажлисларида ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;
жамоатчилик кенгаши иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни жамоатчилик кенгашида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;
вазирлик фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;
вазирлик ходимлари, уларнинг оила аъзолари билан учрашувлар ўтказади ва уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича таклифларни жамоатчилик кенгашига киритади;
жамоатчилик кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;
жамоатчилик кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;
жамоатчилик кенгашининг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофик бошқа ваколатларни амалга оширади.
22. Жамоатчилик кенгаши фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисида кўриб чиқилади. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси унинг иш режалари асосида ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.
Жамоатчилик кенгашининг раиси жамоатчилик кенгаши аъзоларининг учдан бир кисмининг ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлисини чақириши мумкин.
23. Жамоатчилик кенгашининг мажлисларига бошқа давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари таклиф этилиши мумкин.
24. Жамоатчилик кенгаши мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан жамоатчилик кенгаши аъзоларининг таклифлари ва жамоатчилик кенгаши раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.
25. Жамоатчилик кенгашининг мажлисини унинг раиси олиб боради. раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.
Жамоатчилик кенгашининг мажлисида Фавқулодда вазиятлар вазири, унинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлар иштирок этиши мумкин.
26. Жамоатчилик кенгашининг мажлиси, агар унда жамоатчилик кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, жамоатчилик кенгашининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.
27. Жамоатчилик кенгашининг қарори мажлисда иштирок этаётган жамоатчилик кенгаши аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.
28. Жамоатчилик кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма шаклда ифодалашга хақли. Унинг фикри жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомасига мажбурий таркибда қўшиб қўйилади.
29. Жамоатчилик кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади. Жамоатчилик кенгаши мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда вазирликка, жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва манфаатдор шахсларга тақдим этилади.
30. Жамоатчилик кенгашининг қарорини тезлик билан кабул қилиш зарурияти туғилганда, унинг раиси ташаббуси билан қарор жамоатчилик кенгашининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан қабул қилиниши мумкин.
Вазирлик жамоатчилик кенгашининг қабул қилган қарорига қушилмаган ҳолларда, жамоатчилик кенгашининг қарорини олган кундан бошлаб ўн кундан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.
31. Жамоатчилик кенгашининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида жамоатчилик кенгаши қарорлари ижросининг боришини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, жамоатчилик кенгашининг раисига тегишли таклифлар киритади.
4-боб. Якунловчи коидалар
32. Жамоатчилик кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан таъминлаш вазирлик томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
33. Жамоатчилик кенгашининг фаолияти унинг низомига ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ эканлиги Фавқулодда вазиятлар вазири томонидан назорат қилинади.
34. Жамоатчилик кенгашининг ва Фавқулодда вазиятлар вазирининг жамоатчилик кенгаши фаолияти билан боғлиқ қарорлари устидан белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар вазирининг 2026-йил 21-апрелдаги 92-сон буйруғи
ФВВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 2026-йил учун иш режаси
Фавқулодда вазиятлар вазирининг 2024-йил 30-сентябрдаги 328-сон буйруғи
Фавқулодда вазиятлар вазирининг 2024-йил 5-сентябрдаги 278-сон буйруғи
ФВВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши мажлисининг 2024-йил 19-дедабрдаги 232-сон баёни
ФВВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши мажлисининг 2025-йил 30-майдаги 88-сон баёни
