Вазирлик ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори
ЎЗБEКИСТОН РEСПУБЛИКАСИ ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАР ВАЗИРЛИГИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигини ташкил этиш тўғрисида» 1996 йил 4 мартдаги ПФ-1378-сон Фармонига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўғрисидаги Низом ва унинг тузилмаси 1, 2, 2а, 2в-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Мудофаа вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига фавқулодда вазиятларда ишларни бажариш учун фаолият кўрсатиб турган тузилмаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ташкил этилаётган махсус тузилмаларнинг тузилмаси, жойлашиши, молиявий ва моддий-техника таъминоти тўғрисида таклиф киритсин.
2. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизими ходимларининг умумий сони 1785 нафар, шу жумладан маъмурий-бошқарув ходимлари сони 540 нафардан иборат этиб белгилансин; Фавқулодда вазиятлар вазирлиги марказий аппарати ходимларининг чекланган сони 80 нафар, шу жумладан 35 нафар офитсердан иборат этиб белгилансин (биноларни қўриқлаш ва уларга хизмат кўрсатиш ходимларидан ташқари). Фавқулодда вазиятлар Вазирига Вазирликнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритишга рухсат этилсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига Вазирнинг уч нафар ўринбосарига, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосарига ҳамда шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган 9 кишидан иборат ҳайъатга эга бўлишга рухсат этилсин.
4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, тоифаланган шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бўлимлари) намунавий тузилмалари 3, 4 ва 5-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин;
Фавқулодда вазиятлар бўйича кўрсатиб ўтилган бошқармалар (бўлимлар) ва уларнинг бўлинмаларини зарур бинолар, телефон алоқаси ва бошқа алоқа, мол-мулк, инвентар, автотранспорт билан таъминлаш ва уларнинг жойлашишига ёрдам кўрсатиш учун шахсан жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, тоифаланган шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари зиммасига юклансин.
5. Вазирликлар, идоралар, корпоратсиялар, уюшмалар, бирлашмалар ва корхоналар тузилмасидаги халқ хўжалиги объектларининг фуқаро муҳофазаси бўйича мавжуд хизматлар ва штатдаги лавозимларни тугатсинлар.
6. Белгилаб қўйилсинки, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимини маблағ билан таъминлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
7. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчилари, ходимлари ва мутахассислари хизматни ўташ, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш масалаларида, шу жумладан уларнинг оила аъзолари ҳам, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари, ходимлари ва мутахассисларининг тегишли тоифаларига тенглаштирилсинлар.
8. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, «Ўзкимёсаноат» уюшмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 25 октябрдаги 269-сон қарорига мувофиқ Мудофаа вазирлиги таркибига кирган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Фуқаро мудофааси ва фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 1996 йил 1 апрелгача бўлган ҳолатига кўра ходимлари сони, муассасалари ва ўқув юртларини Ўзбекистон Республикаси Фуқаро мудофааси штабининг моддий-техника базаси ва асосий фондлари билан биргаликда, шунингдек 6-иловага мувофиқ ташкилотларни Фавқулодда вазиятлар вазирлигига берсинлар, Вазирлик эса уларни белгиланган тартибда қабул қилиб олсин.
9. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда 1996 йил 1 июнгача шошилинч ишга киришувчи авиатсия отрядини ташкил этсин, уни белгиланган нормаларгача зарур учиш аппаратлари, учувчилар ва техник ходимлар билан бутласин. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан учиш аппаратларидан фойдаланиш шартнома асосида амалга оширилади.
10. «Ўзавтотранс» давлат корпорацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда 1 июнгача мавжуд автокорхоналар негизида шошилинч ишга киришиш республика (Қорақалпоғистон Республикаси), вилоятлар ва Тошкент шаҳар автотранспорт отрядларини тузсин, уларни зарур автомобил техникаси, тузатиш ва хизмат кўрсатиш базаси билан бутласин. Кўрсатиб ўтилган автотранспорт отрядларини фавқулодда вазиятлар даврида жалб этиш шартнома асосида амалга оширилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига фавқулодда вазиятлар ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш даврида: Мудофаа вазирлигининг фуқаро муҳофазаси қўшинлари кучлари ва воситаларига; Ички ишлар вазирлигининг ҳарбийлаштирилган ёнғиндан сақлаш республика ихтисослаштирилган отрядига; Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш республика марказига; «Ўзавтотранс» давлат корпоратсиясининг шошилинч ишга киришиш автотранспорт отрядларига амалий раҳбарлик қилиш юклатилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникатсия технологиялари давлат қўмитасининг Махсус авария-тиклаш бошқармаси (15361-ҳарбий қисм) га;
(11-банднинг олтинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 августдаги 233-сонли қарори таҳририда - ЎР ҚҲТ, 2013 й., 34-сон, 458-модда)
12. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси, «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси, «Ўзавтотранс» давлат корпоратсияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги буюртманомалари бўйича фавқулодда вазиятлар оқибатларини тугатиш учун зарур бўлган авария-қутқариш хизмати, ҳарбий қисмлар кучлари ва воситалари ҳамда юкларнинг фавқулодда вазиятлар юзага келган жойларга биринчи навбатда олиб борилиши ҳамда қайтариб олиб келинишини таъминласинлар. Фавқулодда вазиятлар вазирлигига зарур бўлган ҳолларда ушбу мақсадлар учун Ўзбекистон Республикаси бошқа вазирликлари ва идораларининг транспорт воситаларини жалб қилишга рухсат этилсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Ўзбекистон Республикаси Мелиоратсия ва сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзбекенерго» давлат-аксиядорлик компанияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат геология қўмитаси, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспексияси, Фанлар академияси, «Ўзбекнефтгаз» корпоратсияси, «Ўзкимёсаноат» давлат-аксиядорлик компанияси ва «Ўзгидромет» маркази Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигини ҳудудлар, объектлардаги табиий-иқлим, экологик, эпидемиологик, эпизоотик, геологик ва технологик вазият ҳамда уларнинг яқин даврда ва истиқболда ўзгариши эҳтимоллари тўғрисидаги ахборот билан мунтазам равишда, фавқулодда вазиятларда эса дарҳол таъминласинлар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кўрсатиб ўтилган вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва унинг жойлардаги органларини тегишли ахборот билан таъминлаш тартиби, муддатлари ва шаклларини белгиласин. (13-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 17 декабрдаги 301-сонли қарори таҳририда - ЎР ҚҲТ, 2010 й., 51-сон, 486-модда)
14. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:
Фавқулодда вазиятлар вазирлигини ва унинг бўлинмаларини республика аҳолиси ва ҳудудини муҳофаза қилиш тадбирларини режалаштириш, бевосита хавф тўғрисида давлат бошқарув органларини хабардор қилиш учун ҳамда алоҳида давр учун бошланғич маълумотлар билан таъминласин;
Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тегишли бўлган қурол-яроғ ва техникани тузатиш ишларини шартнома асосида амалга оширсин;
Ўзбекистон Республикаси хабар бериш марказлаштирилган тизими ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хабар бериш вилоят ички тизимларини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги балансига берсин.
15. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 1996 йил 1 июлгача фавқулодда вазиятларда давлат бошқаруви органлари, консернлар, корпоратсиялар ва уюшмаларнинг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимини (ФВДТ), шунингдек шошилинч қутқариш хизмати ягона давлат тизимини яратиш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.
16. «Ўзистиқболстат» давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги объектлари қурилиши ва реконструксия қилинишининг адресли дастурларини кўриб чиқсинлар.
17. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Вазирлар Маҳкамасининг Ҳукумат алоқаси хизмати Вазир ва унинг ўринбосарларига ҳукумат АТСи, «ВЧ», ҳукумат шаҳарлараро ва бошқа алоқа турларини ўрнатган ҳолда, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармалари ва бўлимларини телефонлаштиришни таъминласин.Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига фавқулодда вазиятлар даврида умумдавлат ва идоравий алоқа тармоқларидан устун тартибда фойдаланишга рухсат этилсин.
18. «Ўзбекенгилсаноат» давлат уюшмаси 1996 йилнинг иккинчи чорагида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг буюртманомаси бўйича унинг шахсий таркиби учун формали кийим намунасини ишлаб чиқсин ва тайёрлаб берсин.
19. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорни амалга ошириш учун зарур маблағлар, тўртта автомобил харажатлари учун лимит ажратсин ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигини маблағ билан таъминлаш режасига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
20. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси бир ой муддатда Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли корхоналар ва ташкилотларга, бўш қоладиган маблағларни уларнинг моддий-техника базаларини ривожлантиришга йўналтириш мақсадида, солиқ имтиёзлари беришни кўриб чиқсинлар ва бу тўғрида таклифлар киритсинлар.
21. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига Мустақиллик майдони, 6-уйдан жой ажратсин.
22. «Тошшаҳарйўловчитранс» давлат уюшмаси Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига хизмат кўрсатиш учун 4 та энгил автомашина ажратсин.
23. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Фавқулодда вазиятлар бўйича комиссияси котибияти Вазирлар Маҳкамасининг беш нафар ходимдан — мудир, мудир ўринбосари, иккита катта эксперт ва катта инспектордан иборат бўлувчи Фавқулодда вазиятлар бўлимига айлантирилсин, унга Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва давлат бошқарув органларининг фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини тугатиш масалаларига оид фаолиятларини мувофиқлаштириб бориш вазифаси юклатилсин.
24. Фуқаро мудофааси ва фавқулодда вазиятлар бўйича раҳбар ходимлар тайёрлаш республика маркази Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси институтига айлантирилсин. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси институтининг тузилмаси ва ходимлари сони тўғрисида икки ҳафта муддатда таклиф киритсин.
25. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 2 апрелдаги 169-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
26. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фаолиятига тегишли бўлган амалдаги қонунчилик ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларни ўзгартириш ҳамда янгиларини чиқариш тўғрисида бир ой муддатда таклифлар тайёрласинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.
27. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - Фавқулодда вазиятлар вазири И.Ҳ. Жўрабеков зиммасига юклансин.
