Муротжон Азимовни мактаб директорлари билан учрашувидаги нутқи
2023-03-31 10:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, ҳурматли таълим фидойилари, қадрли мактаб директорлари, азиз ўқитувчилар!
Муқаддас ойда, халқимиз энг эзгу истакларини тилаб, Яратгандан сўраётган бир пайтда, Устозлар билан учрашиб, таълим тизимини ривожлантириш ҳақида суҳбатлашаётганимиз бежизга эмас. Қутлуғ ойда қилинган ниятлар, истаклар ижобат бўлади.
Сир эмаски, устоз жамиятни олға бошловчи ва унинг эртанги кунини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, йўлчи юлдуздир. Устозсиз ҳеч бир жамият камолга етмаган, аксинча, инқирозга юз тутган.
Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир,” - деган. Демак, устозларнинг зиммасида буюк масъулиятли вазифа юкланган.
Ўқитувчилик, муаллимлик машаққатли, юксак сабр ва матонат талаб қиладиган касб, шу сабабли ҳам унинг ажру савоби беқиёсдир.
Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам устознинг мақомини таърифлаб, шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару-ерлар аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва ҳатто денгиздаги балиқ ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчи инсонга салавот айтадилар”.
Маълумки, Давлатимиз Раҳбари президентликка киришган кунлариданоқ таълим тизимини ислоҳ қилиш, ўқитувчилар нуфузини ошириш ишига жиддий эътибор қаратмоқдалар.
Хусусан, мактаб таълим тизимида 11 йиллик умумий ўрта таълим қайта жорий этилди.
Ижтимоий соҳа ходимлари, ўқитувчилар мавсумий қишлоқ хўжалик ишлари тадбирлари, ортиқча қоғозбозликлардан озод этилди.
Муҳтарам Президентимизнинг таълимга берган эътиборлари ва қўллаб-қувватлашлари натижасида Қашқадарё вилоятида сўнгги 3 йилда мактаблар инфратузилмасини яхшилаш учун 1 триллион сўмлик дастур амалга оширилди.
Биргина 2022 йилнинг ўзида вилоятдаги умумтаълим мактабларини мебель билан таъминлаш учун 60 млрд.сўм (охирги 15 йилликда вилоят мактабларини мебель билан жиҳозлаш учун ажратилган жами маблағлардан 5 баравар кўп), компьютерлар билан жиҳозлаш учун 5 млрд сўм сарфланди.
Олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш йўналишида қабул квоталари 5 бараварга оширилди.
Хусусан, Шаҳрисабз давлат педагогика институти ташкил этилди ва ушбу муассасада ҳозирги кунда 7 минг нафардан ортиқ талабалар таълим олмоқда.
Барча шароитларга эга 12 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари ташкил этилди.
Жорий йилнинг 27 март куни қабул қилинган Қонунга мувофиқ, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш ва уларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик бўйича учун жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилди.
Муҳтарам Президентимиз, ўқитувчиларнинг ойлигини 1000 долларга етказиш бўйича кўп гапирадилар.
Бугун, амалда, ўз устида тинимсиз ишлайдиган, хорижий тилларни биладиган ўқитувчилар 10 млн сўм ва ундан кўп маош олмоқдалар.
Масалан, Қашқадарё вилоятида 36 нафар шундай тоифадаги ўқитувчиларимиз мавжуд эди.
Куни кеча Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама олиш учун ўтказилган икки босқичли танлов натижалари эълон қилинди.
Қувонарлиси, Қашқадарё вилоятидаги 108 нафар ўқитувчилар ушбу танловда ғолиб бўлишди ва уларга жорий йилнинг апрель ойидан декабрь ойига қадар 5 млн сўмдан ҳар ойлик устама тўланади.
Натижада, вилоятимизда юқори маош оладиган ўқитувчиларимиз сони 144 нафарга етди.
Барча соҳалар каби таълим соҳасида ҳам олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосида “инсон қадри учун” деган бош ғоя амал қилмоқда.
Хусусан, куни кеча қабул қилинган “Гематология, онкология, клиник иммунология, бошқа стационар ва узоқ муддатли амбулатор даволанишда бўлган болаларга таълим ва тарбия бериш тизимини яна-да кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорга мувофиқ, “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаларининг ташкил этилгани муҳтарам Президентимиз томонидан ёшлар таълимига берилган юксак эътиборнинг натижасидир.
Ҳурматли тадбир иштирокчилар, азиз мактаб директорлари!
Раҳбар бўлиб ишлаётганларнинг олдига даврнинг ўзи ҳар куни янги бир вазифа қўймоқда. Мактаб директорлари ҳам жамоани ортидан эргаштира олиши, тизимда янгилик яратиши, ташаббускор бўлиши, замонавий фикрлаб, тадбиркорлигини намоён этиши керак ва шарт!
Сиз мактаб учун, жамоа учун етакчи, бошловчи, ўқувчилар учун намуна инсонсиз.
Ҳар куни мактабга тайёр ҳолда келиш, унинг остонасидан бошлаб, синфхона, лаборатория хонаси, спорт зали, ҳатто омборхонасигача кузатиб, фаолиятингизни бошлашингиз талаб қилинади.
Мактаб – муқаддас даргоҳ, унинг покизалиги ҳар қадамда, ҳар бурчакда билиниб туриши – бу жамоанинг юзи бўлади.
Муаллимнинг давр талабига мос, фарзандларимизга муносиб бўлиб аудиторияга кириши – сизнинг раҳбарлик қобилиятингиз, талабчанлигингиз билан боғлиқ.
Рағбат керак, ишлайдиган ходимни қўллаш, унга зарур шарт-шароитни яратиш сизнинг раҳбарлик салоҳиятингизни кўрсатади.
Муҳтарам Президентимиз томонидан тизимда яратиб берилган кўплаб имкониятларга қарамасдан, вилоят мактаб таълими тизимида кўплаб муаммоларимиз мавжуд. Албатта, ушбу муаммоларнинг юзага келиши мактаб директорларимизнинг ишни нотўғри ташкил этганлиги билан боғлиқ.
Хусусан, ўтган йилда вилоятдаги 20 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси олий таълим муассасасига кирмаган.
Олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича 147 та мактаб (13%) “қизил тоифа”га киритилган.
Таълим-тарбия ишларининг сустлаштириб юборилиши натижасида ўқитувчилар, ўқувчилар ўртасида жиноятчилик сони кўпайган.
Айниқса, мактабларда давлат маблағларини талон-тарож қилиш билан боғлиқ ҳолатларнинг ортаётгани бизни ташвишга солмоқда.
Ўқитувчиларнинг маънавий қиёфаси, одоби, дунёқараши, маданияти ёш авлод учун ўрнак бўлишга арзийдими, деган савол ҳаммамизни ўйлашга мажбур қилмоқда.
40 фоиз ўқитувчилар малака тоифасига эга эмас.
Хорижий тиллар, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш ишларини сусайтириб юбордик.
50 фоиз ўқувчиларимиз келажакда қайси касбни эгаллашини билмайди.
Ёш ўқитувчиларга бўлган эътибор, уларнинг касбий ривожланиши учун яратилган ҳолат қониқарли эмас.
Азиз тадбир қатнашчилари!
Маълумки, муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 24 февралдаги вилоятга ташрифлари мактабдан, маърифат масканидан бошланди.
“Мени таълим эгаларининг ёнига бошланг, чунки барча ютуқларимизга таълим орқали эришамиз” – деб, икки ярим, уч соат таълим ходимлари билан мулоқот қилдилар.
Бу ерда давлатимиз раҳбари билан учрашиб, мулоқот қилган соҳа вакиллари ҳам ўтиришибди.
Ўқитувчиларнинг обрўйини яна-да кўтариш, маошини минг доллардан ошиши ҳақида айтиб, бунинг учун ўқитувчилар ҳам тайёр бўлиши, изланиши, замон билан ҳамнафас бўлиши ҳақида таъкидладилар.
Муҳтарам Президентимизнинг топшириқларига асосан, бугун вилоят мактаб таълими ходимлари таълим сифатини ошириш бўйича ўз мурожаатларини эълон қилади.
Албатта, мурожаатномада илгари сурилган ҳар бир вазифалар ижроси назоратга олинади ва уларнинг сифатли бажарилиши таъминланади.
Фурсатдан фойдаланиб, вилоятда мактаб таълимини ривожлантириш, таълим сифатини ошириш бўйича олдимиздаги қатор вазифаларни санаб ўтсам.
Биринчидан, мактаблар моддий-техника базасини ривожлантириш бўйича ишлар янги босқичга олиб чиқилади.
Бу борада, Қашқадарёда мактаблардаги шароитларни яхшилаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинади.
Ушбу Дастур доирасида жорий йилнинг ўзида давлат бюджетидан 500 миллиард сўм ажратилади.
Буни ҳисобидан:
- мактабларимизда қўшимча 30 минг ўқувчи ўрни яратилади;
- 542 та мактаблар компьютер билан жиҳозланади;
- 510 та мактабда парта ва доскаларни тўлиқ янгиланади;
- мактаблар иситиш тизимини яхшилаш бўйича маҳаллий бюджетдан 50 млрд сўм маблағ ажратилади.
Иккинчидан, таълим сифатини яхшилаш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинади. Хусусан:
-1-4-синфларда илғор хорижий тажриба асосида яратилган дарсликлар, 5-11-синфларда Президент мактаблари дастури ва дарсликлари бўйича таълим бериш йўлга қўйилади;
-13 нафар хорижий мутахассис олиб келиниб, ўқитувчиларга илғор дарс ўтиш технологиялари ўргатилади;
-мактабларни 9 та мезон бўйича масофадан баҳолаш тизими жорий қилинади.
Учинчидан, келгуси ўқув йилидан бошлаб, ҳар бир туман (шаҳар)да камида 1 тадан мактабда ўқувчиларни касбга ўқитиш йўлга қўйилади ва хорижий тилларни сифатли ўқитишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ота-оналар билан ҳамкорликда ҳар бир ўқувчининг ривожланиш хусусиятлари билан боғлиқ паспорти яратилади ва унинг келгусида ким бўлишига эътибор қаратилади.
Касбга ўқитишда IT соҳасига алоҳида устуворлик берилади. IT соҳасига ёшларни ўқитиш инфратузилмасини ташкил этиш бўйича маблағларни аямаймиз.
Касбга ўқитиш бўйича шарт-шароитлар яратиш ва ўқитувчиларнинг иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланади.
Вилоятдаги олий ўқув юртларида Хорижий тил йўналишида таълим олаётган иқтидорли 3-4 курс талабалари саралаб олиниб, умумтаълим мактабларида хорижий тилни ўқитишга жалб қилинади ва уларнинг иш ҳақлари маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади.
Тўртинчидан, иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш, уларни рағбатлантириш ишлари яна-да кучайтирилади.
Яқинда қарор қабул қилдик, жорий йилнинг апрель-май ойларида 10 та умумтаълим фанлари бўйича 11-синф ўқувчилари ўртасида “Вилоят ҳокими олимпиадаси” ўтказилади.
Аниқ ва табиий фанлар бўйича ғолиб ўқувчилар Қарши давлат университетига имтиҳонсиз тўғридан-тўғри талабаликка қабул қилинади.
Республика фан олимпиадаларида фахрий ўринларни эгаллаган ўқувчилар мураббийларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш тизими жорий қилинади.
Маълумки, Китоб туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати ўқувчилари математика фани бўйича халқаро ва Республика олимпиадаларида кўплаб ютуқларга эришмоқда.
Бу борада, фидойи устоз Абдиев Бахтиёрнинг хизматларини алоҳида эътироф этмасдан иложи йўқ.
Жорий йил якунига қадар Китоб туманида математика фани бўйича ўқувчиларни халқаро олимпиадага тайёрлаш маркази ташкил этилади ва бу ишларга Абдиев Бахтиёр бош-қош бўлади.
Бешинчидан, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиши, хорижда малака ошириш масаларига жиддий эътибор қаратилади.
Хабарингиз бор, Финляндиялик эксперт Петри Лунаскопри мактаб таълими бўйича менинг маслаҳатчим сифатида фаолият олиб бормоқда. Хорижий экспертнинг фикрича, ўқитувчилар салоҳиятини ошириш учун энг муҳим 3 та омил мавжуд. Булар: малака ошириш-малака ошириш ва яна малака ошириш.
Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йилда 40 нафар ёш ўқитувчилар танлов асосида сараланиб, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан илғор хорижий мамлакатларга малака оширишга юборилади.
Олтинчидан, вилоятдаги ҳар бир мактабда “Ўқимишли қизлар” клублари ташкил этилади. Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган “Қиз фарзандни, онани ўқитсак, жамиятни ўқитган бўламиз” деган ғоя ижроси амалда таъминланади.
Еттинчидан, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида илмий, маънавий, спорт тадбирлари яна-да кўпайтирилади.
Ҳурматли тадбир қатнашчилари!
Таълимдаги ишлар игна билан қудуқ қазишдек гап, натижаси тез кўринмайди. Бунинг учун машаққатли меҳнат, катта фидойилик керак. Бошланган ислоҳотларнинг амалга ошиши, халқимизнинг рози бўлиши шунга боғлиқ. Энг қиммат ва энг катта бойлигимиз – фарзандларимизни устозларга топширамиз.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кун ўқувчиси ўз дунёқараши, талаби, истаги билан 10 йил ёки 20 йил аввалги ўқувчидан мутлақо фарқ қилади.
Замон, ривожланиш, тараққиёт – биздан танқидий, таҳлилий, креатив фикрлайдиган ёшларни тарбиялашни тақозо этади.
Агар ҳар биримиз ўзимиз, фарзандларимиз, невараларимизнинг эртанги кунини қолдирамиз десак, фақат ва фақат муаллимнинг обрўсини кўтаришимиз, фақат ва фақат уларнинг шароитини яратишимиз керак.
Кўп миллатли Ўзбекистоннинг ҳар бир фарзандларини менинг фарзандим, эртанги кунимнинг пойдевори, замини – деб тарбия қилсак, албатта, биз натижага эришамиз.
Биз барпо этаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни - боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлилари экан, элимиз Сизга ишонади ва Сиз берган сабоқ, илм ва билим билан тараққиётнинг юксак поғонасига кўтарилади.
Сизнинг жонкуярлик билан қилган меҳнатингиз, ташаббус ва фидойилигингиз эвазига биз юрт эртасини барпо этамиз, баркамол авлод камолоти ҳақида баралла гапирамиз.
Шундай экан, халқимиз ишончини ҳалол меҳнат, сифатли таълим ва жонкуярлик билан оқлайсиз, деган умиддаман.
Эътиборингиз учун раҳмат!
