Navro‘zi olam muborak!
2025-03-20 00:00:00 / Yangiliklar

Мамлакатимизга кўпмиллатли халқимиз учун энг қадрли бўлган айёмлардан бири шарқона янги йил – Наврўз байрами кириб келди. Дунёда турли байрамлар, қутлуғ саналар кўп. Лекин инсон қадри ва шаънини улуғлашда Наврўз айёми алоҳида ўрин тутади. Наврўзи олам бизни табиат фарзанди бўлиб, Ватан тупроғини, она заминдаги ҳар бир гиёҳни кўзимизга тўтиё қилиб яшашга ўргатади. Наврўз ҳаммамизга инсонийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фанидан сабоқ беради. Шу файзли лаҳзаларда барчамиз тинчлик ва осойишталик нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг қадр-қиммати ва аҳамиятини яхши англаймиз.
Наврўз байрами мамлакатимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча ватандошларимиз учун умумхалқ байрамига, энг севимли ва ардоқли айёмга айланиб улгурган.
Фурсатдан фойдаланиб, мана шу қутлуғ кунда бутун халқимизни Наврўз байрами билан, “Ўзбеккосмос” агентлиги жамоаси номидан самимий муборакбод этамиз.
Наврўзи олам ҳар бир инсон, ҳар бир оилага тинчлик-хотиржамлик, яхшилик ва файзу барака олиб келсин!
Жонажон Ватанимиз янада гўзал ва обод бўлсин!
Наврўз байрамингиз муборак бўлсин!
