Импорт қилинаётган майда шохли моллар учун талаблар
2025-07-23 15:05:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 17 июл куни қабул қилинган “Мўғулистонга олий даражадаги ташриф давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросига мувофиқ Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси Ишчи гуруҳи Мўғулистондан келтирилаётган майда шохли молларнинг умумий характеристкаси ва импорт учун қўйиладиган талабларни ишлаб чиқди.
Импорт жараёнида тадбиркорлар ушбу тавсия ва талабларга қатъий амал қилиши лозим.
Баят зотли қўйлар қуйидагича тавсифланади: Мўғулистоннинг шарқий ва марказий ҳудудларида яратилган ва парвариш қилинади. Гўшт ва ёғ етиштириш мақсадида боқилади. Жун қопламаси қалин ва зич, думбаси ёғли. Қўчқорларнинг бўйи 78–80 см, қўйларники 70–73 см ни ташкил этади. Танаси узун, яхши ривожланган. Қўчқорларининг тирик вазни 70–75 кг, совлиқлариники 52–54 кг, 1,5 ёшли қўйлариники 47–49 кг га етади. Бақувват тана тузилишига эга, оёқлари қисқа ва мустаҳкам, ранги қизил, кулранг, оқ ва қора-оқ, қўчқорлари шохли, қўйларининг 60 фоизи шохсиз бўлади. Совуқ, иссиқ ва чўл шароитларига мос, иқлимга мослашувчан, ҳосилдорлиги паст яйловларда ҳам яшовчанлиги юқорилиги билан аҳамиятли. Йилига бир марта болалайди. Гўштининг сифати яхши ва ёғли, жунини саноатда ишлатса бўлади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган “Наслли маҳсулотни (материални) экспорт ва импорт қилиш тартиби тўғрисида” ги низом талабларига кўра, импорт жараёнида мустаҳкам конституцияли, жун қопламаси қалин, совуқ ва иссиқ иқлимга мослашувчан, ёши ўттиз ойликкача бўлган қўй ва эчкилар танланади.
Қўчқор ва такаларининг ёши ўттиз олти ойгача бўлиши, подани тўлдирувчи ёш қўчқор ва такаларининг ёши ўттиз ойликкача бўлиши лозим.
Ушбу талаблар Мўғулистондан импорт қилинадиган юз минг бош майда шохли моллар олиб келингунга қадар амалда бўлади.
Ветеринария ва чорвачиликни
ривожлантириш қўмитаси
Ахборот хизмати
