Яйловлар самарадорлигини оширишда янги тизим мавжуд муаммолар ечимида қандай роль ўйнамоқда?
2025-06-26 14:05:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Фармон ва ижро
Яйловлар самарадорлигини оширишда янги тизим
мавжуд муаммолар ечимида қандай роль ўйнамоқда?
Чорвачилик ривожини яйловларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Доно халқимиз топиб айтганидек, “Бедов бойловда семирар, қўй-қўзи — яйловда”. Аммо кейинги пайтда чорва молларининг асосий озуқа манбаси бўлган яйловлардан фойдаланиш муаммоли масалага айланиб қолган эди. Ана шундай пайтда давлатимиз раҳбарининг шу йил 30 январда “Яйловларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишнинг замонавий механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани чорвадорлар қалбида умид уйғотди. Негаки, мазкур ҳужжат асосида яйловлар самарадорлигини ошириш ва фойдаланишда янги тизим яратиш вазифаси юклатилди.
Хўш, амалиётга жорий этилаётган янгиликлар соҳадаги мавжуд муаммолар ечимида қандай роль ўйнамоқда? Шу каби масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида “Халқ сўзи” газетаси мухбири Саид Раҳмон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси ўринбосари Фахриддин БОБОЕВ билан суҳбатда бўлди.
— Маълумки, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси тугатилиб, унинг яйловларни бошқаришга оид вазифа ва функциялари Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига ўтказилди. Фахриддин Атоевич, айтинг-чи, мамлакатимиздаги мавжуд яйловларнинг асл ҳолати қандай? Келинг, суҳбатимиз аввалида шунга ойдинлик кириб олсак.
— Бугунги кунда Ўзбекистондаги яйловларнинг умумий майдони 20 миллион гектардан ортиқни ташкил қилади. Аммо уларнинг кўп қисми деградацияга учраган. Содда қилиб айтганда, тупроқ шўрланган, ўсимликлар камайган, энг ачинарлиси, яшил қопламалар бутунлай йўқолган ҳудудлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Бунинг асосий учта сабабини келтириш мумкин.
Биринчидан, ортиқча чорва боқиш (ортиқча юклама):
2022 йил бошида Ўзбекистонда қўй ва эчкилар сони 23 миллиондан, қорамоллар сони эса 13 миллиондан ошган. Бу яйловлар имкониятларидан икки баробар кўп бўлиб, ўсимлик қопламларининг йўқолишига ва яйловларнинг самарадорлигининг пасайишига олиб келган .
Иккинчидан, иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик:
Қурғоқ йилларда яйловларнинг ҳосилдорлиги 2-3 баробарга камайиши мумкин, бу эса чорва учун озуқа етишмаслигига олиб келади .
Учинчидан, нотўғри бошқарув ва мониторинг етишмаслиги:
Яйловларнинг ҳолатини баҳолаш ва уларни самарали бошқариш бўйича етарли маълумот ва тизимли ёндашув етишмаяпти. Бу эса деградация жараёнларини кузатиш ва олдини олишда қийинчиликлар туғдиради .
Шунингдек, халқаро ва минтақавий манбаларга қарасак яйловлар деградацияси бу глобал кўламдаги муаммодир:
• БМТнинг Қумга қарши кураш конвенцияси (UNCCD) маълумотларига кўра, дунёдаги табиий яйловларнинг ярми деградацияга учраган, бу озиқ-овқат таъминоти ва инсонлар турмуш тарзига таҳдид солмоқда. Бу деградациянинг асосий сабаблари орасида ортиқча чорва боқиш ва иқлим ўзгариши каби омиллар бор;
• Марказий Осиё, Хитой ва Мўғулистон каби минтақаларда қишлоқ хўжалигининг индустриализацияси анъанавий чорвачиликни сиқиб чиқариб, яйлов ресурсларига босимни оширмоқда;
• Марказий Осиёдаги яйловларнинг 23.08% деградацияга учраган, асосий сабаблар орасида иқлим ўзгариши ва инсон фаолияти бор.
Шу боис Президентимизнинг ташаббуси билан яйловларни муҳофаза қилиш, улардан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш, яйлов хўжалигини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида соҳада бошқарувнинг ихчам ва самарали тизими жорий этилди. Энг асосийси, чорвачилик хўжаликларининг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари эътироф этила бошланди. Ўйлайманки, бу чорвачиликни ривожлантириш, чорвадор халқимизни қўллаб-қувватлашда катта рағбат бўлди.
Яна бир янгилик, юқорида номи айтилган Фармонга кўра, Яйлов ерларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва уларни муҳофаза қилиш, қоракўлчилик, тери ва жун саноати соҳаларини янада ривожлантириш бўйича республика комиссияси ташкил этилди. Эндиликда мазкур комиссиясининг қарорига асосан яйловлар чорвачилик ва бошқа хўжаликларга тўғридан-тўғри ижарага берилади. Бунда талабгор мазкур Фармон кучга кирган санада ёки 2020 йил 1 сентябрь ҳолатида тегишли яйлов ерига нисбатан ижара, доимий фойдаланиш ёки доимий эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Шунингдек, талабгор тегишли яйловдан узоқ йиллар самарали ва оқилона фойдаланган бўлиши, бу, ўз навбатида, жойига чиққан ҳолда тузиладиган далолатнома билан тасдиқланиши керак бўлади.
— Сир эмас, бир неча йилдирки, яйловлар ижараси баҳс-мунозаралар марказидаги мавзуга айланган. Айниқса, иккиламчи ижарага бериш жараёнида очиқлик ва шаффофлик тамойиллари етарли даражада таъминланмагани туфайли аҳоли ва чорвадорларда тизимга нисбатан ишончсизлик кайфияти пайдо бўлган. Қўмита томонидан ижара муносабатларини тартибга солиш йўлида қандай амалий ишларга киришилди?
— Очиғи, шу пайтгача яйловлар кластерлар томонидан иккиламчи ижарага берилиб, ижара нархларининг сунъий равишда ошириб юборилиши, нархларнинг номутаносиб тақсимланиши ҳолатлари кўп учраган. Бу эса ҳақли эътирозлар, кўп норозиликларга сабаб бўлди. Шунинг учун эндиликда иккиламчи ижарага бериш амалиётидан воз кечилди. Қўмитамиз томонидан аукцион савдолари орқали ижарага бериш тартиб-таомиллари ишлаб чиқилиб, тўғридан-тўғри аукцион савдолари орқали ижарага бериш амалиёти жорий қилинди.
Ижара муносабатларини тартибга солиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида яйлов ер майдонларининг электрон онлайн аукцион орқали ижарага беришнинг маъмурий регламенти ишлаб чиқилди. 2025 – 2027 йилларда яйлов ерларини деградациядан чиқариш ва улардан барқарор фойдаланишни таъминлаш бўйича миллий дастур қабул қилинди. Бундан ташқари, қўмита ҳузурида Яйлов хўжаликларини ривожлантириш бошқармаси ва ҳудудий яйлов хўжаликлари бошқармалари ташкил этилди ҳамда уларнинг Низомлари тасдиқланди.
Яна бир алоҳида эътибор қаратиш зарур бўлган янгилик шуки, 2025 – 2027 йилларда босқичма-босқич геоботаник тадқиқотларни ўтказиш ҳамда яйловларнинг электрон хариталарини ишлаб чиқиш жараёнлари бошлаб юборилди. Булар тез орада ўз самараларини бериши, соҳадаги муносабатлар ўз изига тушиб кетишига хизмат қилиши муқаррар.
— Миллий қонунчилигимизда яйловлар умуммиллий бойлик эканлиги, давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган. Аммо ушбу норма ижроси амалда етарли даражада таъминланмаяпти чоғи, чорвадорлар яйловларга фақат пичан ўриш, чорва боқиш майдони сифатида қарашса, масъуллар учун даромад манбаига айланиб қолгандек, назаримизда...
— Яйловлардан рационал фойдаланиш, маҳсулдорлигини сақлаб қолишда чорвани мавсумий ўтлатишни йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Афсуски, бунга ҳар доим амал қилинмагани оқибатида яйловлар соҳадаги энг оғриқли масалалардан бирига айланди. Шу боис ҳар бир хўжаликда чорва молларининг бош сонига мувофиқ, яйловлардан турли мавсумларда фойдаланиш режасини тузиш талаб қилинади. Бунда мавсумларнинг давомийлигини ҳам ҳисобга олиш лозим. Масалан, чўл яйловлари шароитида баҳор мавсуми икки даврга бўлиниб, 16 февралдан 15 майгача давом этади. Энг узун давр бўлган ёз мавсуми 16 майдан 30 сентябргача чўзилади. Бу 138 кун, деганидир. Куз мавсуми 1 октябрдан, қиш мавсуми эса 21 декабрдан бошланади.
Яйлов майдонлари йил мавсумларининг давомийлиги, чорва бош сони ва уларнинг озуқага бўлган суткалик талабини ҳисобга олган ҳолда аниқланади. Мамлакатимиз яйлов минтақаси табиий шароитлари унинг денгиз сатҳидан турли баландликларда жойлашганлиги туфайли ўзининг физик-географик ва яйлов-озуқа шароитлари жиҳатидан турли-туман. Чўл, адир, тоғликлар ва яйлов минтақаларига ажратилади.
Текисликларда жойлашган яйловлар чўл минтақаси деб аталади ва умумий майдоннинг 78,1 фоизига тенг. Шунингдек, адирлар 15,2, тоғликлар 4,5 ва яйлов минтақаси 2,6 фоизини ташкил қилади. Чўл минтақасида суғориладиган деҳқончилик ва яйлов чорвачилиги, хусусан, қоракўлчилик ривожланган ҳудуд ҳисобланади. Бу минтақада йиллик ёғингарчилик миқдори 100-250 ммгача етади. Чорва молларининг турига қараб уларнинг озуқага бўлган йиллик талабини билиш, яйлов ҳосилдорлигини аниқлаш орқали эса ҳар қандай фермер хўжалиги учун зарур бўлган яйлов майдонларини ҳисоблаб чиқиш мумкин.
— Сизнингча, яйлов инфратузилмаси объектларини ривожлантириш, ўсимлик қопламини тиклаш, таназзулга учрашининг олдини олишга доир чора-тадбирлар етарли даражада кўриляптими? Бугунги кунда соҳага қандай янги ва замонавий механизмлар жорий этиляпти?
— Тўғри, бу борада ҳали қилиниши керак бўлган ишларимиз кўп. Бугун бошлаган тадбирлар самараси кўзга ташланиши учун ҳам муайян вақт талаб этилади, албатта. Аммо биз буни кутиб ўтирсак, кутилган натижаларга эришмаслигимиз мумкин. Шу боис яйловларни бошқаришга оид вазифа ва функциялар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасига берилгач, ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган тезкор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Унда деградацияга учраган яйловларни тиклаш бирламчи вазифа этиб белгиланди. Бунинг доирасида эрозия ва шўрланишга қарши чоралар кўриш, ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитига мос келадиган маҳаллий ва экологик ўсимлик турларини қайта тиклаш (ресеединга қилиш), мелиорация ишларини ташкил этиш саъй-ҳаракатлари олиб бориляпти.
Кейинги муҳим йўналиш яйловлардан самарали фойдаланиш тизимини жорий этиш бўлиб, бунда яйловларни навбатма-навбат фойдаланиш (ротация) тизимини жорий этиш, GPS ва спутник кузатувлари орқали мониторинг қилиш, яйловларни рақамлаштириш ва кадастрини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тезкор чора-тадбирларга киритилган яна бир долзарб масала чорва сони ва наслини мувофиқлаштиришдир. Унга кўра, яйлов имкониятидан келиб чиққан ҳолда, чорва сонини белгилаш, сут ва гўшт берадиган юқори маҳсулдор зотларни кўпайтириш, уларнинг озуқа базасини кенгайтириш ва қўшимча манбалар яратиш борасида изланяпмиз, хориж тажрибаларини ўрганяпмиз. Бу ишлар шунчаки қилинаётгани йўқ, албатта. Ҳар бир ишда илм-фан ютуқларига таянилмоқда.
Гап шундаки, яйловлардан оқилона фойдаланиш, деградация ва чўлланишнинг олдини олиш, яйловлар ҳосилдорлигини оширишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш, чўл озуқабоп ўсимлик турлари маҳаллий навларини яратиш ҳамда етиштиришнинг агротехникаси, уруғчилиги ривожлантириш йўналишларида тадқиқотлар кенгайтириляпти. Улардан олинган илмий натижалар амалиётга кенг жорий қилинади.
Ўз навбатида, ҳукумат ва халқаро ташкилотлар томонидан ҳам бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда:
• яйловларни муҳофаза қилиш стратегияси: 2024 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси яйловлар ва улардаги ер ости сувларини муҳофаза қилиш ҳамда яйлов деградациясига қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисида қарор қабул қилди. Бу қарор яйловларнинг ҳолатини яхшилаш ва уларни барқарор бошқаришни мақсад қилган ;
• халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик: Яйловларнинг деградациясига қарши курашишда халқаро молия институтлари ва “яшил” грант маблағларини жалб қилиш чоралари кўрилмоқда;
• яйловларни хатловдан ўтказиш ва рақамли хариталар яратиш: 2024-2028 йилларда мавжуд яйловларни босқичма-босқич тўлиқ хатловдан ўтказиш ва уларнинг электрон хариталарини ишлаб чиқиш режалаштирилган .
— Қимматли озуқабоп ўсимлик турларини кўпайтириш, ўтлоқлар таназзулга учрашининг олдини олишда қўмита тасарруфига ўтказилди Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази қандай роль ўйнайди?
— Мазкур илмий ва ишлаб чиқариш муассасаларнинг қўмитамиз тасарруфига ўтказилиши яйловлар ўсимлик дунёсини бойитиш ва муҳофазасини кучайтириш борасидаги мақсадли кучларни бирлаштириш имконини берди. Чунки Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ўз фаолияти доирасида республикада қоракўлчиликнинг жадал ривожланишини таъминлаш баробарида, чўл озуқабоп ўсимликлари интродукцияси, селекцияси, уруғчилиги, уруғшунослиги ва чўл яйловлари маҳсулдорлигини ошириш, улардан рационал фойдаланишнинг илмий-амалий асосларини такомиллаштириш юзасидан илмий тадқиқотлар олиб бориш билан шуғулланади. Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлар уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази эса мазкур институтда яратилган чўл озуқабоп ўсимликлар уруғларини катта майдонларга экиш, маданий яйловлар майдонларини кенгайтириш ҳамда қоракўлчилик субъектлари учун чўл озуқабоп ўсимликлар уруғларини етиштириб бериш каби тадбирларни амалга оширади. Айни пайтда ҳамкорликда яйловларни тиклаш, уларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида изен, терескен, қуйровуқ, камфоросма, чўғон, эркак ўт, оқ (қора) саксовул сингари қимматли озуқабоп ўсимлик турлари экишни ташкил қилиш устида иш олиб боряпмиз.
— Қўмита зиммасига тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2025 йилнинг охирига қадар яйлов ерларини хатловдан ўтказиш, уларнинг амалдаги ва давлат рўйхатидан ўтказилган майдони ўзаро мувофиқ бўлишини таъминлаш вазифаси ҳам юклатилган. Айни пайтда хатловдан ишлари қайси босқичда ҳамда бу жараёнда қандай қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди?
— Бу борада қўмита томонидан Республика аэрогеодезия маркази ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда яйлов ер майдонларини хатловдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилган. Бугунги кунда ҳудудий яйлов хўжаликларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилган 15 824,6 минг гектар яйловларнинг 8 180 минг гектарида дешифровка ва хатлов ишлари амалга оширилиб, 6 582 минг гектар яйловларнинг чегараларини жойлаштириш ҳамда 5 571 минг гектар яйловларнинг электрон хариталарини яратиш ишлари бажарилди.
Ушбу ишлар жорий йил охирига қадар сифатли якунланиб, яйлов ерлари тўлиқ хатланади ҳамда уларнинг амалдаги ва давлат рўйхатидан ўтказилган майдони ўзаро мувофиқ бўлиши таъминланади.
Ўзбекистонда яйловларнинг деградацияси бўйича олиб борилган маҳаллий тадқиқотлар ва мисоллар мавжуд. Қуйида уларнинг айримларини келтираман:
Жиззах вилоятининг Фариш туманида ўтказилган тадқиқотларда Capparis spinosa L. (каперс) иштирокидаги бешта ўсимлик ассоциациясининг ҳозирги фитосенотик ҳолати баҳоланган. Тадқиқот натижаларига кўра, Capparis spinosa ёш популяциялари учрамаслиги кучли антропоген босим натижаси эканлиги исботланган. Шунингдек, жамоалар таркибида чорва моллари истеъмол қилмайдиган адвентив турларнинг кўпаётганлиги қайд этилган. Capparis spinosa истиқболли ўсимлик бўлганлиги туфайли унинг республикамизда тарқалишини ва табиий заҳирасини ўрганиб, муҳофаза чора-тадбирларини қўллаш зарурлиги кўрсатилган.
Навоий вилоятидаги Қизилқум чўли ҳудудида ўтказилган тадқиқотларда яйловларнинг деградациясига асосий сабаб сифатида сув танқислиги ва иқлим ўзгариши кўрсатилган. Тадқиқотчилар яйловларнинг тикланиши учун сунъий суғориш тизимларини жорий этиш ва қурғоқчиликка чидамли ўсимлик турларини экишни тавсия қилганлар.
Хулоса ва тавсиялар
Ўзбекистонда яйловларнинг деградациясини олдини олиш ва уларни тиклаш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш тавсия этилади:
• Яйловларнинг самарали бошқарилиши: Чорва сонини яйлов имкониятларига мос равишда белгилаш ва яйловларга даврий дам беришни таъминлаш.
• Тиклаш ишлари: Қурғоқчиликка чидамли ўсимлик турларини экиш ва сунъий суғориш тизимларини жорий этиш.
• Иқлим ўзгаришига мослашиш: Иқлим ўзгаришига мослашув стратегияларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
• Тадқиқотлар ва мониторинг: Яйловларнинг ҳолатини доимий равишда кузатиб бориш ва тадқиқотлар олиб бориш.
Хулоса шуки, яйловлар — бу табиий бойлик, лекин барқарор ривожланиши ва келгуси авлодларга қолиши учун илмий, иқтисодий ва экологик ёндашув талаб этилади. Бинобарин, деградацияга қарши кураш, оқилона фойдаланиш ва чорва наслини яхшилаш Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.
“Халқ сўзи” газетасининг
07.06.2025 йилдаги 115-сони
