Оила маънавияти
2025-05-13 10:10:00 / Маънавият ва маърифат

Шахс маънавияти ўз-ўзидан ривожланавермайди. У энг аввало давлатнинг таълим ва тарбияга берадиган эътибори билан боғлиқ бўлади. Агар давлат шахс маънавиятини ривожлантиришни сиёсатнинг устувор вазифаси сифатида қарайдиган бўлса, уни ривожлантиришдаги омил ва воситаларидан самарали фойдаланишга етарли эътибор қаратадиган бўлсагина бу мураккаб вазифани ҳал этиш мумкин бўлади. Агар унга аксича муносабат бўладиган бўлса, жамиятда маънавияти қашшоқ одамлар сони ортиб боради.
Шахс маънавиятини юксалтириш энг аввало ҳар бир шахснинг юксак камолотга эришиши, унинг ўзлигини англаши, «мен»лигини қарор топтириш бир сўз билан айтганда чинакам инсонлик мақоми билан яшашига имкон беради. Маънавий қашшоқ шахс ана шундай бойликлардан маҳрум бўлади. Бундан кўриниб турибдики, юксак маънавиятга эришиш ҳар бир шахснинг ҳаётий зарурати ҳисобланади.
Шахс маънавиятини юксалтиришдан ҳар бир давлат ҳам манфаатдордир. Чунки, маънавияти юксак шахслар давлат ҳудудида яшаётган аҳолининг аксарият кўпчилигини ташкил қилган шароитдагина тинчлик, меҳр, муҳаббат, фуқаролар ва миллатлар ўртасида ҳамкорлик, жипслик каби фазилатлар мустаҳкам бўлади ва давлат барқарор ривожланиб боради. Ана шу иккала ҳаётий зарурият шахс маънавиятини ривожлантиришнинг омил ва воситаларидан самарали фойдаланишни тақозо этади.
Шахс маънавиятини ривожлантиришнинг омиллари ва воситалари кўп. Шулардан бири фарзанднинг ота-онага ва ота-онанинг фарзандга бўлган муносабати масаласидир.
Ўзбек халқининг энг қадимий даврларидан бошлаб ҳозирга қадар давом этиб келаётган, ўз аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган ажойиб қадриятларидан бири ота-онани фарзандлар томонидан юксак даражада эъзозлаш, иззат-икромини, ҳурматини жойига қўйишдан иборатдир. Фарзанд учун дунёда ота-онадан кўра меҳрибон, азиз ва мўътабар зот йўқ. Ота-она фарзандларнинг суянчиғи, битмас-туганмас бойлигидир.
Катталарга иззат-икром, кичикларга меҳр-шафқат, ота-оналарга эъзоз, фарзандларга меҳр-муҳаббат каби инсонни инсон сифатида улуғлайдиган, ахлоқий, маънавий жиҳатдан гўзал ва баркамол қилидаган қадриятларимиз одамлар, айниқса ёшлар қалбидан ўрин ола бошлагани қувончли бир ҳолдир.
Ўзбекистон Республикасининг Асосий қонуни – Конституциясида фарзандларнинг жамият, оила, ота-оналари олдидаги инсоний бурчлари ва масъулиятлари нималардан иборатлиги миллий қадриятларимиздаги асосий ғоя ва қоидаларга асосланиб белгилаб берилган. Қомусимизнинг 14-боби тўлиқ оила масалаларига бағишланган бўлиб, 76, 77, 78, 79, 80-моддаларида ота-оналар, фарзандларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлиқ белгилаб қўйилган.
2025 йил 13 май куни Хоразм вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасида “15 май – Халқаро оила куни” муносабати билан “Оила маънавияти” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Унда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раисининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси мавзу юзасидан фикр юритди.



