Ҳурматли юртдошлар!
2025-12-08 09:05:00 / Янгиликлар

Сиз азизларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 8 декабрь — умуммиллий байрамимиз муносабати билан самимий муборакбод этаман!
Конституциямиз халқимиз иродасини, орзу-интилишларини ифода этган, мамлакатимизда эркин ва фаровон ҳаётни таъминлашга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий асосдир. Бугун янгиланган Асосий қонунимиз инсон қадрини улуғлаш, фермер ва тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аграр соҳани барқарор ривожлантиришга қаратилган янги имкониятларни яратиб бермоқда.
Ветеринария ва чорвачилик соҳаси ҳам Конституциямизда белгиланган тамойиллар асосида, замонавий инновациялар, хавфсизлик стандартлари ва халқаро ҳамкорликка таяна турган ҳолда изчил ривожланиб бормоқда. Қўмитамиз томонидан соҳани модернизация қилиш, маҳсулотлар сифатини ошириш, фермерлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Азиз юртдошлар!
Бу қутлуғ байрам ҳаётимизда адолат, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш йўлида янада бирлаштиради деган умиддаман. Ҳаммамизга тинчлик, соғлик, фаровонлик ва янги марраларни забт этишда улкан муваффақиятлар тилайман.
Конституция куни муборак бўлсин!
Ҳурмат билан, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Б. Норқобилов
