Президентимиз ташаббуси ва топшириқлари билан аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва ҳал этишда раҳбарларнинг жойларда оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилганлиги муаммоларнинг манзилли ечимида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
2025-02-22 20:50:00 / Янгиликлар

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигида вилоят сектор раҳбарлари онлайн форматдаги навбатдаги қабулни Музработ туманида ўтказди. Унда Халқ қабулхоналари орқали вилоят раҳбарининг қабулини сўраган ҳамда турли масалаларда мурожаат қилган 156 нафар фуқаронинг муаммоси тингланди.
Термиз шаҳри ва туманлар студиялари орқали фуқароларнинг даволаниш, уй-жой олиш, қуриш ёки таъмирлаш учун субсидия ажратиш, йўлларни таъмирлаш, ишга жойлашиш, ўзини ўзи банд қилиш учун жиҳоз ажратиш, электр энергия ва ичимлик суви таъминоти, кадастр, тиббиёт ва таълим тизимидаги муаммолар ҳамда бошқа масалалардаги 187 та мурожаати тингланди.
Қабул давомида мурожаатларнинг 39 таси ижобий ҳал этилди. Ижроси муддат ва қўшимча ўрганиш талаб қиладиган мурожаатлар масъулларга ҳал этиш топшириғи билан йўналтирилди.





