Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифлари ҳамда ўтказилган видеоселекторларда берилган топшириқлар асосида воҳамизда туризмнинг турли йўналишлари, жумладан, экотуризмни ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди.
2025-02-22 20:35:00 / Янгиликлар
Хусусан, Термиз туманида жойлашган "Учқизил" сувомбори қирғоқбўйи ҳудудида экотуризм лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. 51,6 гектар майдонни ўз ичига олган ушбу ҳудудда санаторийлар, дам олиш ва кўнгилочар масканлар, умумий овқатланиш нуқталари каби қатор обектлар ташкил этилган. Шу билан бирга, сувомборга яқин жойлашган М39 халқаро автомагистрали мазкур ҳудудда туризмни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратади. Бироқ мавжуд имкониятлар ҳали тўлиқ ишга солинмаган.

Ҳудуднинг туристик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ва бўш майдонлардан самарали фойдаланиш мақсадида мастер режа ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, жами 62 та лойиҳа, жумладан, 2 та ресторан, 32 та савдо дўкони, 28 та хизмат кўрсатиш нуқталари барпо этилиши режалаштирилган.
Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Термиз туманига ташриф буюриб, "Учқизил" сувомбори бўйидаги лойиҳалар билан танишди.
Мутасаддиларга иқтисодий самарадор, экотуризм ривожига ҳисса қўшадиган ва даромадли иш ўринларини яратадиган лойиҳаларни танлаб олиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.




