Деҳқонободнинг Оқмачит маҳалласида иккита янги кўприк ишга тушди
2025-06-07 18:30:00 / Янгиликлар

Деҳқонобод туманининг Оқмачит маҳалласида жойлашган Қолувдор қишлоғи аҳолиси жорий йилги Қурбон ҳайитини икки карра байрам сифатида нишонлади. Ҳайит куни ҳомийлик асосида қурилган икки янги кўприк тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Улар аҳоли, айниқса ўқувчилар, нуронийлар ва беморлар учун хавфсиз ва қулай йўл бўлиб хизмат қилади.
Кўприклар ҳашар йўли билан қурилди ва узоқ йиллар давомида сойликдан ўтишдаги муаммоларга ечим бўлди. Байрам муносабати билан эҳсон дастурхони ёзилиб, тантанали тадбир ўтказилди.
Тадбирда туман ҳокими, оқсоқоллар, нуронийлар ва маҳалла фаоллари иштирок этиб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун дуо қилишди.
Қишлоқ аҳли бунёдкорликда бош-қош бўлган ҳомийга миннатдорчилик билдириб, давлатимиз раҳбарининг юртимизда олиб бораётган ислоҳотларига ривожлар тилади.





