"JAVOHIR MEDICAL CENTRE" кўп тармоқли тиббиёт марказининг Инновацион юқори технологияли жарроҳлик блоки фойдаланишга топширилди
2025-06-05 10:35:00 / Янгиликлар

Вилоятнинг тиббиёт соҳасига инновацион технологияларни жорий этиш ва аҳолига янада сифатли ҳамда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўтган йили ўз фаолиятини бошлаган, барча замонавий шароитларга эга "JAVOHIR MEDICAL CENTRE" кўп тармоқли тиббиёт марказида бугун яна бир бўлимнинг очилиш тадбири ўтказилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳам иштирок этиб, давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт соҳасига берилаётган эътибор туфайли бугун соҳада мана шундай хусусий секторнинг ўрни ва аҳамияти ошиб бораётганини таъкидлади.
Маълумот учун, лойиҳа қиймати 2 млн АҚШ доллари бўлган Инновацион юқори технологияли жарроҳлик блокини ишга тушириш орқали 100 турдан ортиқ даволаш ва диагностика усулларини жорий этиш, давлат тиббий суғуртаси орқали аҳолини ижтимоий ҳимояга эга бўлган қатламига юқори технологик тиббий хизматни ташкил этиш ва йилига 5 000 дан ортиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётларини амалга ошириб, давлат тиббиёт муассасаларига бўлган юкламани камайтиришга хизмат қилиш асосий мақсад қилиб олинган.
Шунингдек, 3 қаватли блокда барча хоналар марказлашган кислород, вакуум ҳаво ва узлуксиз электр манбаси билан таъминланган. Интенсив терапия ва реанимация бўлимлари, 4 та операцион хона тўлиқ ултразамонавий жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, умумий хирургия, нейрохирургия, травматология, урология, гинекология ва кардиожарроҳлик амалиётларни ўтказиш имконини беради. Қолаверса барча амалиётларни мини инвазив усулда бажариш имкони мавжуд бўлиб, бинода 22 ўринли реанимация койкаси мавжуд ва клиниканинг техник имкониятлари келгусида трансплантация қилиш имконини хам беради.
Янги бўлим орқали қўшимча 100 нафарга яқин аҳоли иш билан таъминланади.






