Муротжон Азимов БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори билан учрашди
2025-04-18 10:20:00 / Янгиликлар

Шаҳрисабз шаҳрида Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов воҳамизда бўлиб турган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Маҳл хоним бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Делегация таркибида БМТ Тараққиёт Дастури ваколатхонаси раҳбари Акико Фужио хоним, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси доимий вакили Нигина Абасзаде хоним ва БМТ уюшган жиноятчилик ва гиёҳвандликга қарши курашиш бошқармаси Оливер Штолпелар ҳам бор.
Маълумот учун, тарихий шаҳар – Шаҳрисабзда шу кунларда БМТ ташкилотларининг ҳисобот йиғилиши ўтказилди. Меҳмонлар, воҳамиз маҳаллаларида, таълим муассасаларида ва туризм манзилларида ҳам бўлишди. Шунингдек, ташкилот билан ҳамкорлик натижасида бир қатор ишлар ҳам амалга оширилмоқда.
Хусусан, БМТ тараққиёт дастури ва ЮНИСЕФ кўмагида Шаҳрисабз шаҳридаги Зингирон маҳалласида “Ёшлар Маркази” ўз фаолиятини бошлади.
БМТ Тараққиёт дастури ёрдамида Чироқчи туманидаги 4 та маҳалла ҳудудида умумий майдони 103 гектар бўлган яшил микрорайон бош режаси ишлаб чиқилди.
БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси вилоятдаги демографик тенденциялар, жумладан, аҳоли сонининг ўсиши прогнози, ёш таркибидаги ўзгаришлар, қариш даражасининг таҳлилий шарҳини тайёрлаб берди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти юрак-қон томир, диабет, сурункали респиратор, саратон каби касалликларни олдини олиш бўйича вилоятимиздаги шифокорлар, патронаж ҳамширалар учун тренинглар ташкил қилди.
Навбатдаги икки томонлама мулоқот давомида ҳам бир қатор масалаларда муҳокамалар ўртага ташланиб, келажакда ўз самарасини берадиган лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга келишиб олинди.
