Университетнинг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
2025-04-10 11:50:00 / Янгиликлар

Кеча Қарши давлат университетида 40 млрд. сўм маблағ эвазига 1200 ўринли барча шароитларга эга Хорижий тиллар факультети ўқув биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов ҳам иштирок этиб, муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида олий таълимдаги ислоҳотлар ёшларимиз учун катта имкониятларни яратаётганини таъкидлади. Жумладан, сўнгги 7 йилда олийгоҳлар сони 65 дан 204 тага етказилди. Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси 4 карра ошди. Биргина, вилоятимизда олийгоҳлар cони 3 тадан 9 тага етди. Талабалар 110 минг нафарга етиб, қарийб 10 бараварга кўпайди.

Қарши давлат университетида очилган замонавий архитектурага эга 5 қаватли янги ўқув бинода инглиз, немис, француз, хитой, корейс, рус тилларини ўргатиш учун барча имкониятлар яратилган. Бундан ташқари, синхрон таржима маркази фаолияти йўлга қўйилган. 5 та 80 ўринли лингафон кабинетлари, 4 та 144 ўринли маъруза хоналари, юқори тезликдаги интернет билан таъминланган аудиториялар мавжуд. Шунингдек, интерактив таълим материаллари яратиш учун "Медиа маркази" (Жалинго студияси) ташкил этилган.

Тадбир иштирокчилари ўқув биносининг имкониятлари ва яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди, илғор технологиялар билан жиҳозланган, шинам ва қулай таълим муҳитига эга янги ўқув биноси университетнинг илм-фан соҳасида янада юқори марраларга эришишида муҳим аҳамият касб этишини эътироф этдилар.
Тадбир давомида вилоят ҳокими Талабаларга хизмат кўрсатиш марказида ҳам бўлиб, давлатимиз раҳбарининг ПҚ-61-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Келажакка қадам” маркази ҳудудий бўлинмаси билан танишди.

Университетнинг 3 нафар битирувчи талабаларига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан берилган имтиёзли 50 млн. сўмлик кредит сертификатларини топширди.
Очилиш маросимига ташриф буюрган севимли хонанда, эстрада юлдузи Шоҳруҳхон ва вилоят санъати вакиллари ўзларининг дилбар куй-наволари билан барчага қувонч улашди.
