Вилоят ҳокими фаол ва тажрибали пиллакорларни эътироф этди
2025-03-29 11:50:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари томонидан пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилаётгани соҳанинг янада ривожланиши ва натижалар ҳам шунга яраша ошаётганидан далолат беради.

Хусусан, вилоятимизда ҳам бу йўналишдаги ишлар салмоғи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шу боисдан, вилоят ҳокими Муротжон Азимов "Кумуш тола" етиштиришдек машаққатли меҳнати билан пилла қуртини парваришлашда фаоллик кўрсатиб келаётган ва тажрибали вилоятимизнинг касаначи хотин-қизлари ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашди. Улар учун ифторлик дастурхони ташкил этилди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими пиллачиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгуси режаларга алоҳида тўхталиб, бу борада меҳнат қилаётган воҳамизнинг барча пиллакорлари меҳнати муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Шунингдек, ўтган мавсумда юқори натижадорликка эришган соҳанинг фаол аёллари эътироф этилиб, уларга эсдалик совғалари топширилди.

Маълумот учун, ўтган 2024 йил ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш мақсадида 12,3 млн туп тут кўчатлари экилиб, 44,4 минг қути ипак қурти парваришланган ҳолда 2859 тонна пилла хомашёси етиштирилган ва соҳада 102 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланган.
