Маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича Қашқадарё вилоят кенгашининг ташкилий йиғилиши ва брифинг ўтказилди
2024-01-15 16:05:00 / Брифинглар

Хабарларингиз бор, жорий йил 26 сентябрда маҳаллабай ишлаш тизимини янада кучайтириш, маҳалла “еттилиги” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ўтказган йиғилишда ҳурматли Президентимиз томонидан муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида маҳалла бошқарув тизимини такомиллаштириш ва маҳалла “еттилиги” фаолиятини йўлга қўйиш бўйича Давлатимиз Раҳбари томонидан 2023 йил 21 декабрда Фармон ва қарор имзоланди.
Фармон билан тасдиқланган “Йўл харитаси”да маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш ҳудудий кенгашларининг ташкилий йиғилишларини ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари Уюшмасининг Конференциясини ўтказиш белгиланган.
Шунга кўра, бугун, 15 январь куни Маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича Қашқадарё вилояти кенгашининг ташкилий йиғилиши ва соҳа бўйича брифинг бўлиб ўтди.
Унда туман (шаҳар)лардан делегат сифатида сайланиб келган маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, Маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўйича вилоят кенгаши аъзолари, вилоят ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, вилоят секторлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Йиғилиш кун тартибидаги биринчи масала - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қароридан келиб чиқадиган устувор вазифалар тўғрисида вилоят ҳокими, вилоят Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси Муротжон Азимов маъруза қилди.
Шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят бўлими раҳбари Лола Саодатова сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган маҳалла тизими фаоллари зиммасидаги устувор вазифалар хусусида тўхталди.
Йиғилишда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг таъсис Конференциясида вилоятимиздан иштирок этадиган делегатлар сайлаб олинди.
