Асосий мақсад — инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш
2025-01-20 18:15:00 / Янгиликлар

Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди ва кенг жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Давлат дастури лойиҳасида устувор йўналишлар кесимида амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилмоқда.
Айтиш мумкинки, давлат дастури лойиҳасида 2025 йил давомида мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишни назарда тутувчи жуда катта марралар олинган. Хусусан, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини амалга ошириши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, табиий ресурсларни тежаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва халқаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга оид устувор йўналишлар ўз ифодасини топган.
Давлат дастури лойиҳасида барчага дахлдор бўлган муҳим йўналиш таълим тизимини ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқишга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилганлиги ҳамда аниқ вазифа ва мақсадли кўрсаткичлар белгилаб олинаётганлиги бола таълим-тарбиясига эътиборсиз бўлмаган халқимизни руҳлантиряпти ва уларнинг келажакка ишончини оширмоқда.
Ҳеч шубҳасиз, мактабгача таълим - шахс камолотида муҳим босқич ҳисобланади. Конституциямизда ҳам давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиши мустаҳкамлаб қўйилди. Бу норманинг киритилиши мамлакатимизда шахс камолотига, жамиятда ўз ўрнини топишига нечоғлик катта эътибор берилаётганини кўрсатади. Зеро, боланинг ижтимоий мослашуви, борлиқ ҳақида тасаввурларга эга бўлиши ва тенгдошлари билан мулоқот қилишида мактабгача таълим муҳим ўрин касб этади.
Бугунги кунда мактабгача таълим муассасаси зиммасидаги асосий вазифа - болани мактабга сифатли тайёрлашдан иборат. Зеро, бу тенг ҳуқуқли таълим олишни кафолатлаш йўлидаги амалий қадамдир. Бу йўналишда бундан 5 йил олдин болаларни мактабга мажбурий тайёрлаш бўйича бепул дастур йўлга қўйилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини камида 80 фоизга етказиш, шунингдек, 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 90 фоизга, йил якунига қадар эса 100 фоизга етказиш режа қилинмоқда.
Жумладан, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамров даражасини ошириш, яъни 337 та бир йиллик мажбурий гуруҳлар ташкил қилиш натижасида гуруҳлар сонини 7 900 тага етказиш ва қўшимча ташкил этиладиган гуруҳларда 8 816 нафар болани қамраб олишга эришиш белгилаб олинмоқда. Бу эса болаларнинг бошланғич синфда таълим олиш учун тайёр ҳолда боришини таъминлайди ва уларда ўқиш ва ўрганишга бўлган қизиқишларни янада оширишга хизмат қилади.
Маълумки, Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Унга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда инклюзив таълим тизими жорий қилинган умумий ўрта таълим муассасалари улушини жами мактабларнинг 51 фоизига, инклюзив таълим шартларида таълим олаётган алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар улушини эса 40 фоизга етказиш режалаштирилган.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотига кўра, олдинги ўқув йилида 14 059 нафар ўқувчи якка тартибдаги уй таълимига жалб этилган бўлиб, уларга 39622 нафар педагог бириктирилган. Ушбу ўқувчиларнинг барчасига ўқув йили бошланганда 12 номдаги ўқув қуроллари тўплами бепул етказиб берилган.
Бу йилги давлат дастури лойиҳасида ҳам умумий ўрта таълим тизимида “Таълим учун қулай муҳит” дастурини амалга ошириш бўйича уйда таълим олаётган ўқувчилар учун қулайликлар, яъни таълимнинг мазкур йўналиши бўйича электрон ва видео дарсликлар ҳамда улар билан мустақил шуғулланиш учун қулай муҳит ва шароитлар яратиш назарда тутилмоқда.
Умуман олганда, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини сифатли дарсликлар ва қўлланмалар билан таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Кейинги йилларда таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш, ўқув-тарбия жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш, дарсликларни энг замонавий методикалар асосида яратиш ва чоп этишга қаратилган кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилингани бежизга эмас. Зеро, яхши, сифатли таълим дастури ва дарсликлар таълим сифатини оширишга, болаларни ўқишга қизиқтиришга хизмат қилади.
Тан олишимиз керак, дарсликлар борасида муаммоларимиз йўқ эмас. Бу китоблар сифати, уларнинг маъно-мазмуни, замонавий шакл-шамойили билан боғлиқдир.
Давлат дастури лойиҳасида умумий ўрта таълим муассасалари учун 65 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китобларини яратиш ва амалиётга жорий этиш режалаштирилаётгани таълимга беэътибор бўлмаган халқимизни қувонтиради ва таълим тизимидаги туб ислоҳотларнинг самарасини белгилаб беради.
Қолаверса, давлат дастури лойиҳасида умумтаълим мактабларини бирламчи спорт жиҳозлари ва миллий мусиқа чолғу асбоблари билан таъминлаш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаш, “Рақамли кутубхона” тизимининг самарадорлигини ошириш, таълим жараёни иштирокчиларини психологик қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, умумий ўрта таълим мактабларида билимни баҳолашнинг янги тартибини жорий этиш, ўқувчиларда коммуникатив кўникмалар, танқидий ва креатив фикрлаш, ҳамкорликда ишлаш, тадқиқотчилик каби кўникмаларни шакллантириш, таълимга 500 нафар хорижий мутахассисларни жалб этиш, олис ва чекка ҳудудларда жойлашган умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун бепул автобус қатновини йўлга қўйиш, нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари сонини 600 тага етказиш чораларини кўриш каби аниқ мақсадлар белгиланяптики, бу пировард натижада таълим сифатини янги босқичга кўтариш ҳамда ёшларни ҳар томонлама етук ва баркамол этиб тарбиялашга замин яратади. Бундан кўзланаётган асосий мақсад эса - ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини камида 50 фоизга етказишдир.
Давлат дастури лойиҳасида олий таълим ташкилотлари томонидан меҳнат бозорининг олий маълумотли мутахассисларга бўлган талабини ўрганган ҳолда ёшларнинг олий таълим билан қамров даражасини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, “Топ-500”га кирадиган хорижий университетлар билан 12 та қўшма таълим дастури асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш, республикадаги камида 1 та олий таълим муассасасини нуфузли халқаро рейтингларнинг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш, талабаларни ётоқхона билан қамраб олиш даражасини яхшилаш, бу борада давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан яратиладиган қўшимча ётоқ ўринлари сонини 8 000 тага етказиш мақсад қилинган.
Таъкидлаш ўринлики, давлат дастури лойиҳасининг биринчи йўналиши таълимнинг ҳар уч босқичида тегишли шарт-шароитларни яратиш ва ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтариш орқали инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришни назарда тутади. Бу эса ижтимоий соҳанинг муҳим тармоғи ҳисобланган таълим тизимини янада ривожлантириш ва амалга ошириладиган таълим-тарбия ишлари сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишига замин яратади.
Даврон Кесимов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари,
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати
