Вилоят ҳокими Азимов Муротжон Бердиалиевичнинг 8 декабрь — Конституция қабул қилинган кун муносабати билан ташкил этилган тадбирдаги нутқи
2024-12-07 15:35:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум азиз воҳадошлар!
Тантанали байрам тадбирининг муҳтарам иштирокчилари!
Аввало барчангизни, вилоятимизда истиқомат қилаётган кўп миллатли халқимизни - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги билан самимий табриклайман!
Бугун ҳаётимизга Янги Ўзбекистон деган ибора тобора чуқур сингиб бормоқда.
Янгиланиш, Учинчи Ренессанс асосини яратиш ғояси ҳар бир юртдошимиз ҳаётида акс этмоқда. Инсон қадрини улуғлаш, унинг фаровон яшаши учун барча куч, имкониятлар сафарбар этилмоқда.
Бу улуғвор йўлда халқимиз ҳуқуқ, эркинлигининг қонуний кафолати бўлган Конституциямиз пойдевор бўлаётганини чин дилдан ҳис қиламиз.
Муҳтарам Президентимиз қайд этганларидек: “Янги таҳрирдаги Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик, тенглик ва тараққиёт тамойилларига асосланган ҳуқуқий ва адолатли давлат қуриш йўлларини кенг очиб берди”.
Бу йилги байрам тантаналари мамлакатимиз миқёсида “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғоя асосида кенг нишонланмоқда.
Умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган янги таҳрирдаги Асосий қонунимизда халқимизнинг азалий орзу-умидлари янада кенгроқ ўз ифодасини топди.
Унда Ўзбекистоннинг - суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Мазмуни тубдан такомиллаштирилиб, янги боб, моддалар билан бойитилди.
Таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳисобланади.
Конституция ва қонун устунлигини таъминлаш, давлат органлари фаолиятини янгича ҳуқуқий шароитга мос ҳолда йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши, одамлар ташвиши билан яшаш, халқимизнинг қонуний талаб-истаклари, хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш давлат органлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонига айланмоқда.
Қайси соҳани олмайлик, қишлоқ хўжалиги, кимё-технология, саноат, ишлаб чиқариш, таълим, тиббиёт – бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишларнинг мазмун моҳияти янгиланган Конституциямизда ўз ифодасини топган.
Азиз дўстлар!
Куни кеча муҳтарам Президентимиз ҳузурида 2025 йилда Қашқадарёнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича тақдимот қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга, Қашқадарёликларга бўлган алоҳида эътиборлари, меҳр-муҳаббатларини яна бир бор чуқур ҳис қилдик.
Юздан ортиқ ташаббусларимиз қўллаб-қувватланди. Муаммоли масалалар ечими ҳал қилинди.
Қашқадарёликларнинг фаровон, бахтли яшаши учун барча соҳаларда улкан марралар белгилаб берилди.
Биринчидан, келгуси йили вилоятимиз иқтисодиётининг 106,1 фоизга ўсиши таъминланади. Ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 84,5 триллион сўмга етказилади.
Янги иш ўринларини яратиш орқали 600 минг нафар воҳадошларимиз банд қилинади. 100 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш чоралари кўрилади.
Иккинчидан, вилоятимизга 3,5 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилинади. 1 миллиард долларлик Қашқадарё маҳсулотлари хорижга экспорт бўлади.
Учинчидан, Қашқадарёда озиқ-овқат хавфсизлиги устувор вазифага айланади. Кейинги йилдан вилоятимиз картошка, мева, парранда гўшти, тухум бўйича ўзини ўзи тўлиқ таъминлашга ўтади.
Мева-сабзавотчилик, чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик, органик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар йўлга қўйилади.
Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, сув таннархини арзонлаштириш ишлари янада жонлантирилади.
Тўртинчидан, 1 млн нафар маҳаллий, 600 минг нафар хорижий туристлар келиши ҳисобидан туризм хизматлари экспорти 120 млн долларга етказилади. “Яшил макон” лойиҳаси бўйича олиб борилаётган ишлар янгича тизимда ташкил қилинади.
Бешинчидан, аҳолимиз учун 7 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қурилади. Марказлашган ичимлик суви билан таъминланган даражаси 64 фоизга етади.
Жамоат транспорти тизими ва қарийб 2 минг км йўллар ҳолати яхшиланади.
Олтинчидан, 75 фоиз болажонларимиз мактабгача таълим билан қамров олинади.
Таълим сифатини яхшилаш асосий вазифаларимиздан бири бўлиб қолади.
Техникумларга йирик саноат корхоналари бириктирилиб, камида 50 фоиз талабалар дуал таълим асосида ўқийди.
Немис стандарти асосида бошланган касб-ҳунарга ўқитиш лойиҳаси кенгайтирилади.
Ёшлар учун “Тўртинчи саноат касбларига ўқитиш Маркази”, “Креатив саноат парки”, “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси” ташкил этилади.
Бундан ташқари, халқимиз саломатлигини асраш йўлидаги ишларимиз изчил давом этади.
Умуман олганда, 2025 йил -Қашқадарёда янгича уйғониш, улкан ўзгаришлар йили бўлади.
Азиз воҳадошлар!
Дунёнинг турли давлатларида содир бўлаётган кескинликлар, қуролли тўқнашувлар ҳар биримизга тинчлик, осойишталик, барқарор тараққиётнинг нечоғлик муҳим неъмат эканлигини яна бир карра эслатмоқда.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганидек: “Ҳозирги ўта мураккаб ва таҳликали вазиятда барчамиз янада бирлашишимиз керак. Танлаган йўлимиздан қатъий олға боришимиз зарурлигини асрлар давомида кўплаб оғир синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва донишманд халқимиз албатта яхши тушунади.
Аминманки, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси биз учун бу йўлда улкан ишонч, куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади”.
Барчангизни Конституция куни билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман!
Эътиборингиз учун раҳмат!
