Қашқадарё вилоятида Касаба уюшмалари куни кенг нишонланди
2024-11-11 10:05:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти кенгаши томонидан 11 ноябрь — Касаба уюшмалари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов сўзга чиқиб, барчани касаба уюшмалари куни билан самимий қутлади.
Муротжон Азимов: Холисона айтганда, сўнгги йилларда касаба уюшмалари жамиятимизнинг муҳим бир бўлагига айланди.
Касаба уюшмалари фаолиятини барчамиз ўз ҳаётимизда ҳис этиб, кўриб, англаб турибмиз. Ишчи-ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга муносиб меҳнат муҳитини яратиб берилишида ушбу кенгашнинг ҳиссаси беқиёс. Қанчадан қанча ходимларга сиҳатгоҳларга даволаниши учун йўлланмалар берилмоқда, саломатлиги тикланмоқда, моддий ва маънавий рағбатлантириб келинмоқда.
Қолаверса, Президентимиз қарори асосида ташкил этилган ва Марказий Осиёда ягона бўлган Касаба уюшмалари академияси меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасига олий маълумотли етук кадрларни тайёрлаб келмоқда. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қонун билан тизимга кўплаб ваколатлар берилди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда вилоятимизда касаба уюшмалари тизимида 2850 га яқин бошланғич ташкилотлар самарали фаолият кўрсатмоқда. Уларда 200 дан зиёд ходим ва 10 мингга яқин фаоллар меҳнат қилиб келишмоқда.
Тадбир давомида таниқли санъаткорлар томонидан саҳналаштирилган концерт дастури йиғилганларга манзур бўлди. Кўп йиллар фидойи меҳнатлари билан обрў қозонган бир гуруҳ вилоятимиздаги турли соҳа вакиллари ташаккурнома ва эсталик совғалари билан тақдирланди.
Фотолавҳалар: https://t.me/qvh_axboroti/29298
