Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокими Азимов Муротжон Бердиалиевичнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табриги
2024-11-09 15:40:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, қадрли тиббиёт ходимлари!
Ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаб келаётган сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман.
Мамлакатимизнинг энг улуғ бойлиги – халқ саломатлигини сақлашдек ўта масъулиятли ва шарафли ишда барчангизнинг касбий маҳоратингиз, билим ва тажрибангиз, инсонийлик фазилатларингизга ишонамиз, фидокорона меҳнатингизни қадрлаймиз.
Муҳтарам Президентимиз қайд этганидек, “Дунёдаги энг бебаҳо бойлик, тенгсиз неъмат ҳисобланган инсон соғлиғини сақлаш, бемор кўнглида умид ва ишонч уйғотиб, уни соғлом ҳаётга қайтариш учун шифокор нафақат чуқур билим ва тажриба соҳиби, айни пайтда юксак ақл-заковат ҳамда олижаноб қалб эгаси бўлиши даркор.
Ўз ҳаётини ана шундай улуғ ва савобли ишга бағишлаб, одамларнинг дардига дармон бўлишни муқаддас бурч деб билган тиббиёт ходимларининг шаънига ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди, албатта”.
Қадрли саломатлик посбонлари!
Муҳтарам Президентимиз ўтган йили вилоятга ташрифлари давомида Қашқадарёда “2024 йилни Сифатли таълим ва тиббиёт йили” деб эълон қилдилар.
Шунингдек, жорий йилнинг 9-февралида вилоятимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлиқни сақлаш тиризимини янги босқичга кўтариш бўйича алоҳида Қарор қабул қилинди.
Тиббиёт муассасалари моддий-техникаси базасини яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилди.
Жорий йил 25 та тиббиёт муассасаси янгидан фойдаланишга топширилди, 18 тасида реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.
Яқингача буйрак кўчириш, кўз гавҳарини алмаштириш, юрак-қон томир соҳасидаги мураккаб операциялар учун воҳадошларимиз қанча харажатлар эвазига пойтахтга ёки хорижга қатнар эдилар.
Эндиликда йилига қарийиб 10 минг нафар беморга мураккаб юқори технологияли жарроҳлик амалиётларининг вилоятимизда бажарилаётгани халқимизнинг кўнглидаги иш бўлди.
Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб, Қашқадарёда тиббий бригадаларга онкологик касалликларни эрта босқичда аниқланган ҳар бир ҳолат учун 2 миллион сўм миқдорда рағбатлантириш бериш тизими ўз самарасини бермоқда.
Бу хайрли тадбир кўплаб юртдошларимизнинг ҳаётини сақлаб қолишда, шунингдек, давлатнинг миллиардлаб маблағларининг тежалишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Бу йилнинг ўзида вилоят тез тиббий ёрдам тизими 100 га яқин замонавий янги машиналар билан бойитилди.
Республикада биринчилардан бўлиб кунлик келиб тушган чақириқлар бўйича бирламчи тиббиёт муассасаларига ахборот бериб бориш тизими йўлга қўйилди. Натижада кунлик чақириқлар сонининг ўртача 500 тагача камайишига эришилди.
Соҳада рақамлаштиришга катта эътибор қаратилаётгани ҳам шифокорлар, ҳам аҳоли учун катта қулайликлар яратмоқда.
Воҳамиздаги барча тиббиёт муассасалари тўлиқ кенг поласали оптик интернет тармоғига уланди, локал тармоқлар тортилди. “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” ва “Ягона электрон тиббий карта” тизимлари вилоятдаги барча бирламчи тизим муассасаларига ўрнатилди.
Айниқса, электрон ордер олиш ва телемедицина тизимларидан самарали фойдаланилиши натижасида халқимизнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлаётгани жуда қувонарлидир.
Соҳада хусусий сектор жадал ривожланмоқда. Айни пайтда воҳамизда хусусий тиббиёт муассасаларининг сони 736 тага етди.
Келгусида халқимизнинг малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш борасида лойиҳалар йўлга қўйилади.
Хусусан, ажратилаётган маблағлар беморга етиб бориши учун давлат тиббий суғуртасига ўтиш тезлаштирилади.
Ҳозирда вилоят даражасидаги 17 та тиббиёт муассасаси тиббий суғурта тизимига ўтди. 2025 йилдан бошлаб бу тизим барча туман ва шаҳарларда жорий қилинади.
Маҳалладан бошлаб, соғлом овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш бўйича амалий ишлар кучайтирилади.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази негизида 600 ўринли замонавий кўп тармоқли клиника ва Қарши тумани тиббиёт бирлашмаси негизида замонавий тиббиёт маркази қурилади.
Қарши шаҳрида гемотологик, онкологик касалликлар билан касалланган беморлар учун 50 ўринли хоспис ташкил этилади.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 50 ўринли болалар онкогемотология бўлими қурилиб, фойдаланишга топширилади.
Келгуси йилдан ҳар йили 50 нафар шифокор ривожланган хорижий мамлакатлар клиникаларида малака оширишга юборилади.
Муҳтарам тиббиёт ходимлари!
“Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилни рўёбга чиқариш, соҳани тезкор ва самарали, халқчил тизимга айлантириш йўлидаги ислоҳотлар жараёнида барчангиз ўз зиммангиздаги масъулиятни шараф билан адо этиш йўлида бор билим ва маҳоратингиз, салоҳият ва тажрибангиз, азму шижоатингизни аямай меҳнат қилишингизга ишонамиз.
Сизларни қутлуғ касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилаймиз.
Қўлингиз дард кўрмасин, ҳамиша соғ-омон бўлинг, азизлар!
Эътиборингиз учун раҳмат!
