Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Бердиалиевич Азимовнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш, дарахт экиш, парваришлаш ва кўкаламзорлаштириш ишларини самарали ташкил этиш бўйича вилоят аҳлига мурожаати
2023-10-19 11:50:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Бугун мамлакатимиз миқёсида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳамда устувор йўналишларнинг мазмун-моҳияти бизни бир ғоя атрофида, яъни – Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш мақсади учун бирлаштиради.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан дунё аҳлининг эътиборини долзарб масалаларга қаратиб, инсониятга таҳдид солаётган учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббусларни илгари сурдилар.
Яна бир муҳим жиҳати жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ҳурматли Президентимиз томонидан мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдирилди, устувор вазифаларни белгилади.
Жумладан, жорий йилнинг 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.
Доно халқимизда: “Яхшидан боғ қолади” деган пурмаъно ҳикмат бор. Оилада фарзанд туғилса унга атаб кўчат экилади. Бино, иншоот қурилса албатта, ёнида боғ яратилади.
Ҳашар йўли билан ён-атрофни кўкаламзорлаштириш, обод қилиш – бебаҳо қадриятимиздир. Ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган бу каби эзгу ишларга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини илгари сурамиз.
Азиз воҳадошлар! Муҳтарам нуронийлар, маҳалла фаоллари, соҳа вакиллари ва эртамиз эгаси бўлган ёшлар!
Барчангизни, бутун эл-юртимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олийжаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Азал-азалдан кўчат эккан, боғ яратган инсонларга халқимиз алоҳида эҳтиром билан қараб, улуғлаб келади. Тарихий манбаларда келтирилишича Соҳибқирон Амир Темур қаерга борса, иморат қурдирса, ўша ерда албатта, боғ барпо этган.
“Боғи баланд”, “Боғи дилкушо”, “Боғи давлатобод”, “Боғи беҳишт”, “Боғи жаҳоннома”. “Боғи нав” каби улкан ва хушманзара боғлар ҳақида, ундаги манзаралар ҳақида бир қатор тарихий асарларда санаб ўтилган. Ўша даврда экилган дарахтлар бугун ҳам улкан салобати ва манзараси билан соя бермоқда, мусаффоликни таъминлаяпти. Эзгуликнинг тимсоли бўлиб аждодлардан авлодларга хизмат қилмоқда.
Албатта, қуруқ жойни обод қилиш, кўчат экиб, боғ яратиш, бир дарахт кесилса, ўрнига ўнта кўчат экиш элдошларимизнинг қон-қонига сингиб кетган. “Обод уйда пок инсонлар яшайди” деган ҳикматнинг маъноси тобора юксак аҳамият касб этяпти.
Ҳадиси шарифда, поклик, тозалик иймоннинг ярми экани айтилади. Яхшилик, ўзидан яхши ном қолдириш ҳақида сўз кетса, унинг аввалида кўчат экиш, боғ яратиш, ёнимиздаги неъматларни, она асраб-авайлаш иши юксак мақомда таъкидланади.
Кўнглида шу юртга, она Ватанга меҳри баланд инсон борки, ўзидан нимадир яхши ном, яхши из қолдирсам дейди. Шу истакда яшайди. Бундай меҳнат ва ниятни улуғлаб буюк бобокалонимиз Алишер Навоий шундай ёзади: “Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракат, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракат”.
Маълумотларга қараганда, битта дарахт бир йилда ўзидан 100 килограмм кислород чиқаради. Аммо бунча кислородни ишлаб чиқариши учун дарахт учун катта манба бўлиши, у эътибор ва парваришда бўлиши керак. Бир нафар инсон эса бир йилда 9,5 тонна ҳавони, кислород унинг 23 фоизини ташкил этади. Бу тахминан бир йилга 740 килограмм кислородни ташкил этади. Бундан шу кўринадики, ҳар бир инсоннинг тўлиқ нафас олиши учун бир йилда 7-8 дона дарахт хизмат қилади.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 млн туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режа қилинди. Бу режани амалга ошириш орқали яшил майдонларнинг кескин кўпайишига эришамиз. Яшиллик бор жойда – мусаффолик бўлади, атроф-муҳит софлиги таъминланади. Ана шу эзгуликни амалга ошириш, муносиб ҳисса қўшиш учун барчангизни бирдамликка чорлаб, бу хайрли ва савоб ишда муносиб ҳисса қўшишга чорлаймиз.
Нуронийларимиз “Бирни кессанг, ўнни эк”, дея таъкидлайдилар. Яратиш, экиш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан шуғулланиш улкан савоб, одамийлик ҳусни ҳамда келажак авлод учун юксак хазина, туганмас ибратдир!
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимиздаги мавжуд 819 та маҳалла ва 13 минг 800 дан ортиқ кўчаларни обод қилиш, мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
2023 йилда экилиши режа қилинган 16 млн 300 минг дона дарахт ва бута кўчатларининг 10 млн 264 минг донаси баҳор мавсумида экилди.
Жумладан,
Иқлим шароитга мос, сувсизликка чидамли жийда, қайрағоч, шумтол, япон сафораси, айлант, тут, терак ва мевали дарахтлар кўчатлари ҳамда гул ниҳоллари экишга эътибор қаратилди.
Маҳаллаларда 3 млн 485 минг туп мевали ва манзарали дарахтлар, 2 млн 772 минг дона терак қаламчалари ва 1 млн 454 минг дона гул кўчатлари экилган бўлса, кўп қаватли уйлар атрофида 259 минг туп мевали ва манзарали дарахт, 337 минг дона терак қаламчаси ва 307 минг дона гул кўчатлари қадалди ва намунавий кўчалар ташкил этилди.
“Яшил ҳудудлар” салмоғини ошириш мақсадида жорий йилда 55,6 гектар “Яшил боғлар”, 38,3 гектар “Яшил жамоат парклари”, Яккабоғ, Ғузор, Нишон, Китоб, Чироқчи, Касби ва Кўкдала туманларидаги мавжуд истироҳат боғлари негизида 36 гектар жамоат парклари ташкил этилди.
Бундан ташқари, вилоятимизнинг Туркманистон Республикаси билан чегарадош бўлган Муборак, Миришкор ва Нишон туманлари ҳудудида яшил қоплама ташкил қилинди. Бунинг учун 5 минг гектар ер майдонларига саксовул уруғлари экилди.
Кўкаламзорлаштириш ҳудудларида 26 км суғориш тармоқлари ва сув чиқариш қудуқлари ўрнатилди ва 71 та ер ости сув чиқариш қудуқлари қайта тикланди. Бу каби ишларни сифатли ташкил этиш мақсадида, туман (шаҳар)лар ободонлаштириш бошқармаларига 8,6 млрд сўм маблағ эвазига 12 та махсус техника харид қилинди.
Кузатилган аномал совуқ таъсирида 61,3 минг дона элдор қарағайи ҳамда 68,1 минг дона бошқа дарахтлар қуриб қолди.
Ушбу ҳолат такрорланмаслиги учун ҳамда экилган дарахтларни сақлаб қолиш мақсадида вилоятимизда томчилатиб суғориш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, Қарши-Шаҳрисабз йўлининг 11 км қисмида экилган асраш мақсадида 5 метр кублик (13 дона) ҳовузлар ўрнатилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилди.
Бешкент шаҳри ҳудудидаги йўллар ёқасида 55 минг дона катарантус гуллари экилди, ушбу гуллар баҳор ойидан – қишгача яъни 9 ой давомида туради.
2023 йил куз мавсумида жами 6 млн 947 минг дона дарахт ва бута кўчатлари экилиши бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди.
Бунда, олимлар ва мутахассислар билан маслаҳатлашган ҳолда иқлим шароитига мос кўчатлар экиш белгилаб олинди. Жумладан:
- чўл ҳудудларда иссиқ гармсел ва қурғоқчиликка чидамлилиги учун қайрағоч (гужум), чинор, бодом дарахтлари;
- шўрланишга қарши чинор ва тут кўчатлари;
- сувсизликка чидамли саксовул, ясен (шумтол), айлант ва япон сафораси дарахтлари;
- тоғли ҳудудларда дуб, игна баргли дарахтлар (арчадошлар) барча турлари, лола дарахти, япон сафораси дарахтлари экилиши ҳамда тўлиқ кўкаришини таъминлаш учун томчилатиб суғориш тизимини жорий этилиши режалаштирилди.
Мавсум давомида 12 та (26,1 гектар) яшил боғлар, 19 та (30,5 гектар) жамоат парки ташкил этилади ҳамда 99 минг дона дарахт экилиб яшил белбоғлар барпо этилади.
250 км умумфойдаланув йўллари бўйича 345 минг дона терак кўчати экилади. Вилоятнинг чўл ҳудудларида 15 минг гектар ер майдонларига чўл ўсимликлари (саксовул, черкиз, қандим) экилади.
Фермерларнинг дала майдони атрофида 200 гектар иҳота дарахтзорлари ташкил этилади, 1 млн 52 минг дона ток кўчатлари ва 1 млн 160 минг дона тут кўчатлари экилади. 150 км узунликдаги йўл ёқалари ва ариқ бўйларига наъматак кўчатлари ва қаламчалари экилади.
Ҳозирги кунда ўрмон хўжаликлари ва кўчат етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлар ва корхоналарга тегишли бўлган 33 та кўчатхонада 11,2 млн дона кўчат қаламчаларнинг захираси мавжуд.
Бундан ташқари, 25 минг дона атиргул қаламчалари тайёрланди, ҳозирда 40 минг дона наъматак қаламчаларини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Наманган вилоятидан тадбиркорлар келиб Қарши туманида 2 млн дона гул кўчатлари етиштиряпти. Кўчат етиштириш ишларида Қарши давлат университетининг 200 нафар талабаси жалб этилган бўлиб, ўқишдан кейинги вақтларида ишлаб, даромад олишмоқда.
Мавсум давомида экиладиган кўчатларининг кўкарувчанлигини таъминлаш учун суғориш тизими мавжуд бўлмаган ерларга ҳамда ёши 3 йилдан ва бўйи 1,5 метрдан кам бўлган кўчатларнинг экилишига йўл қўйилмайди.
Ҳар бир ҳудудга масъуллар бириктирилиб, ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Ўрмон хўжаликлари, академик Маҳмуд Мирзаев номидаги кўчатчилик илмий тадқиқот институти, кўчатчилик хўжаликлари томонидан кўчатларни етказиб берилиши йўлга қўйилди.
Жорий йилнинг куз мавсумида экиладиган дарахт кўчатларининг турлари ва аниқ сонлари режаси ишлаб чиқилди.
Жумладан, Қашқадарё вилоятидаги 10 та ўрмон ва кўчатчиликка ихтисослашган хўжаликлар томонидан мевали ва манзарали дарахт ҳамда бута кўчатларини етиштириш мақсадида 2023 йилда жами 85 гектар майдонда кўчатхоналар ташкил этилиб, куз мавсумида 70 турдан ортиқ 12 млн донага яқин ҳар хил турдаги дарахт ва буталарнинг ниҳол ҳамда кўчатлари парваришланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-46-сонли Фармони ижроси юзасидан вилоятда дарахтларни экиш ва парвариш қилиш соҳасидаги бошқарув тизими тубдан такомиллаштирилди.
Жумладан, илмий ёндашувлар асосида ҳудудларнинг тупроқ-иқлим ва бошқа хусусиятларини аниқлашга қаратилган тадқиқот ва таҳлиллар амалга оширилиб, бунинг натижасида туман (шаҳар)лар кесимида вилоят харитаси ишлаб чиқилди.
Экилган кўчат ва ниҳолларни парвариш қилиш, уларни вақтида суғориш иши алоҳида эътиборни талаб этадиган жараён. Шу боис, дарахтларни суғориш тизими қайта кўриб чиқилиб, ҳар бир дарахтни парвариш қилиш учун масъул бўлган шахслар белгиланмоқда.
“Яшил боғлар" ва "Яшил жамоат парклари"ни ташкил этиш, сақлаш ва ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, ҳомийлик ва грант маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Экиладиган дарахт ва бута кўчатларининг кўкарувчанлигини таъминлаш учун суғориш тизими мавжуд бўлмаган ерларга ҳамда ёши 3 йилдан кам бўлган кўчатларнинг экилиши тақиқланади.
Вилоятда ўсимликлар дунёси объектлари давлат кадастри томонидан ҳар қандай турдаги дарахтларнинг ҳисобини юритиш ҳамда уларни бириктириш учун мана икки йилдирки, “Дарахтлар реестри” тизими жорий этилган.
Азиз воҳадошлар, вилоятимизнинг фаол, фидойи инсонлари!
Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва спортчилар!
Ватанимизнинг обод бўлиши, гуллаб-яшнаши ҳамда тараққиётига ҳисса қўшадиган илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлашда ҳар бир ватандошимизнинг иштироки муҳимдир.
Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спорт юлдузларига ёшлари доимо ҳавас билан қарайди, эргашади.
“Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” ғоясини кенг жорий этишда сизларда янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!
Мўътабар оналар, азиз опа-сингиллар!
Хонадонимиз, маҳалламиз файз-у таровати сиз билан гўзалдир!
Табиат ҳам она каби муқаддасдир! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳангдир. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик!
Токи, зурриёдларимиз ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз.
“Оналар – яшил макон учун” ғоясининг анъанага айланиб бораётгани, маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани қувонарлидир. Бу ишларда маҳаллалардаги “Оқила аёллар” ҳаракатининг ҳам муносиб ўрни бор. Галдаги вазифамиз – ушбу хайрли тадбирларни халқимиз орасида кенг ёйишдан иборат.
Азиз ёшлар!
Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.
Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳолингизни экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!
Асло унутманг, сиз Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз – бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.
Қадрли юртдошлар!
Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!
Олдимизда турган юксак марра ва мақсадларни амалга ошириш учун айни кунлардан ҳаракатни бошламоқ, куз ойларида сидқидилдан меҳнат қилиш, дарахт кўчатларини экиш билан бирга ундириб олиш чорасини кўриш – чин инсоний вазифамиз ва бурчимиздир.
Экологик вазиятдан келиб чиқиб, дарахт экиш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши бежиз эмас. Атрофни яшилликка буркаш, кўчат экиш, гул-у ниҳолларни кўпайтириш бу мусаффолик, экологик муҳит софлиги ҳамда она табиатга ғамхўрликдир!
Биз ёшларимизга муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган, илгари сурилаётган ташаббуснинг мазмун моҳиятини, азалий миллий қадриятларимизни тушунтиришимиз, Ватанимизни боғ-у бўстонга айлантириш ишига ўз ҳиссасини қўшишга чорлашимиз, ҳар биримиз шу жараённинг ичида яшашимиз лозим. Зеро, дарахт экиш кўпнинг иши, ҳар бир киши ўз уйида, кўчасида, иш жойида бир тупдан кўчат қадаса ҳам юртимиз яна-да обод бўлиб бораверади.
Улкан Ватан боғини обод ва файзли бўлишига муносиб ҳисса қўшинг. Кўчат экиб, боғ яратинг. Бу ўғил-қизларимиз учун ибрат, она асраб авайлаш йўлида эзгу ҳаракат ҳамда сиздан қоладиган бой меросдир.
Шундай экан, келинг, азиз юртдошлар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда фаол иштирок этайлик.
Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!
Токи, биздан келажак авлодларга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолсин!
