1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг соҳа ходимларига йўллаган байрам табриги
2023-09-30 11:10:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, азизлар!
Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар! Муҳтарам фахрийлар!
Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг машаққатли ва шарафли ишга бағишлаб келаётган барча устозларни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами билан самимий муборакбод этаман.
Азиз тадбир иштирокчилари!
Ҳаётда оддий бир ҳақиқат бор, биз қайси соҳада фаолият олиб бормайлик, қандай касб эгаси бўлишимиздан қатъий назар бир буюк зот қошида ҳамиша қарздорлик сезамиз. Меҳнати олий, қадри баланд бу зотлар – ўқитувчи ва мураббийлар, устозларимиздир.
Эришилаётган барча ютуқ ва муваффақиятлар учун сизда бир умр миннатдормиз. Ибрат, илм, билим ва одамийлик сабоғи учун минг раҳмат, деймиз.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Ўқитувчи, мураббийларнинг меҳнати ҳақида сўз кетар экан, қуёшга талпиниб ўсаётган ниҳол, унинг атрофида парвона бўлаётган боғбон кўз олдимизда гавдаланади. Ниҳолнинг улкан дарахт бўлиши учун боғбон сув қўяди, меҳр беради, шохларини тарайди. Устозликнинг масъулияти, шарафи ҳам шу – умид ва ишонч билан боқиб турган жажжи қалбларга илм нурларини бахш этиб, уларнинг ҳаёт ҳақидаги мақсадларни мустаҳкам бўлиши учун хизмат қилади.
Мана шу тезкор даврда жамиятда муносиб ўрин эгаллаши йўлида илм беради, сирасини айтганда ўзида борини аямайди.
Азиз устозлар, қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!
Ҳеч кимга сир эмас, бир неча йиллар олдин “Ўқитувчи ва мураббийлар куни байрами”ни пахта далаларида, шийпонларда ўтказганимиз ҳақиқат.
Муҳтарам Президентимизнинг таълим соҳасига берган алоҳида эътиборлари натижасида устозларимиз билим беришдан бошқа барча вазифалардан озод этилди.
Бугун Янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш билан яшаб, соҳаларни ривожлантиришнинг бош омили таълимни ислоҳ қилишда эканини тобора англамоқдамиз.
Муҳтарам Президентимиз томонидан 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиниши бежиз эмас.
Таълим тизимида қилинаётган ишларнинг самараси яққол намоён бўлмоқда. Тизимдаги ислоҳотларнинг натижаси баркамол авлод ютуқларида акс этаётганини ҳис қилиб турибмиз.
Тасаввур қилинг, 2017 йилда вилоятимизда атиги 326 та боғча бор эди. Борларининг ҳам моддий-техника базаси яхши эмасди.
Бугун уларнинг сони 10 мартага ошиб, 3170 тага етди. Қамров даражаси 13 фоиздан 58 фоизга етди.
Вилоятимизда боғча кириб бормаган маҳалла деярли қолмади.
Биргина жорий йилнинг ҳозирги даврига қадар 400 га яқин давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг очилганини фахр билан эътироф этиш лозим.
Сўнгги йилларда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар туфайли вилоятимизда мактабларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда.
Хусусан, жорий йилда 200 млрд сўм ҳисобидан 70 га яқин мактабларимиз замонавий кўринишга келтирилди.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 24 февралдаги ташрифлари давомида вилоятимизда янги мактаблар қуриш, уларни жиҳозлаш мақсадларига қўшимча 300 млрд сўм ажратилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланиб бормоқда. Хусусан, вилоятимиздаги тадбиркор Нурбек Эргашев қарийиб 4 млрд сўм сарфлаб Нишон туманида янги замонавий мактаб қургани ҳар қанча таҳсинга сазовор.
Шунингдек, кўплаб тадбиркорларимиз ўз маблағидан хусусий мактаб, ўқув марказлари ташкил этаётганини ҳар қанча олқишласак арзийди.
Фурсатдан фойдаланиб, таълимга инвестиция киритаётган вилоятимиздаги барча тадбиркорларга, таълим фидойиларига ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдирмоқчиман.
Замон талабларидан келиб чиққан ҳолда фарзандларимизни тарбиялаш, уларга нафақат она тили, балки хорижий тилларни ҳам мукаммал ўргатиш, болаликданоқ ўткир зеҳнли, кенг дунёқарашга эга бўлиши учун замин яратишга эътибор қаратилмоқда.
Бу борада нафақат маҳаллий устозларимиз, балки хорижлик ўқитувчилар ҳам ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшмоқдалар.
Хусусан, ёшларимизнинг хорижий тил ўрганишларида ўзларининг беминнат ёрдамини аямаётган Россиялик 12 нафар устозларга ўзим, вилоят фаоллари номидан ташаккуримизни билдирмоқчиман.
Азиз тадбир қатнашчилари!
Бизни мамнун этадигани - устозларимиз, бугун жамиятда ўқитувчи, мураббийларнинг роли ва мавқеи ортиб бораётганини чуқур ҳис қилиб, давр талабига мос изланишяпти.
Умумтаълим мактабларининг 50 фоиз ўқитувчилари тоифага эга бўлишди.
4 997 нафар чет тили фани ўқитувчиларининг 1697 нафари, яъни 34% халқаро сертификатга эга бўлди.
200 нафарга яқин ўқитувчи бугун 1000 доллардан зиёд маош олмоқда.
Давлатимиз раҳбари айтганларидек, жамиятда энг обрўли инсон – ўқитувчи бўлади, деган мақсад бугун уларнинг ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.
Албатта, ўқитувчидан сен қачон бахтиёр бўласан, деб сўрасак, у баралла ўқувчиси ютуққа эришган кунни айтади. Ўқитувчининг меҳнатини ўқувчи камолоти намоён қилади.
Халқаро инглиз тили йўналиши бўйича ўтказилган жаҳон олимпиадасида 1 нафар ўқувчи бронза медалига, математика фани бўйича ўтказилган халқаро олимпиадаларда ўқувчиларимиз 1 та олтин ва 2 та бронза медалларига сазовор бўлишди.
Хорижий тил бўйича 1 165 нафар мактаб битирувчилари битирувчилар халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритди.
Жорий йилдаги 42 564 нафар битирувчиларнинг 35 фоизи олий таълимга қамраб олинганини алоҳида эътироф этиш лозим (ўтган йили бу кўрсаткич 22%).
Ёшларимизнинг ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун бошлаган ишларимизни янада жадаллаштирамиз.
Хусусан, ўқувчиларнинг замонавий билимларни пухта ўзлаштиришлари ва битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича янгича тизим йўлга қўйилди.
Жорий ўқув йилидан бошлаб вилоятнинг ҳар бир туман (шаҳар)ида 1 тадан умумтаълим мактабларида 2 та хорижий тил ва 1 та касбни эгаллаши учун барча шароитлар яратилмоқда.
Ёшларни хорижий тил ва касбга ўқитиш бўйича германиялик мутахассис Карл Хайнс маслаҳатчи сифатида жалб қилинди.
Яна бир муҳим жиҳати, маҳаллий бюджетдан 1 млрд сўм ажратган ҳолда “Хорижий тил билан IT га йўл” лойиҳаси йўлга қўйилди ва 500 нафар ёшнинг 6 ой давомида ўқув марказларида инглиз тили ва IT соҳаси бўйича ўқиш харажатлари қоплаб берилади.
Бундан ташқари, маҳаллий бюджетдан 5 млрд сўм маблағ ажратган ҳолда Китоб туманида “ИТ иқтидор маркази” ва Қарши шаҳрида IT хизматлар маркази ташкил этилди.
Албатта, нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда! Илм-маърифат жамият тараққиётининг кўзи бўлса, тарбия унинг шуури, таълим эса юрагидир.
Бугун биз барпо этаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устун - боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларининг фидокорона меҳнатлари билан тараққиётнинг юксак поғонасига кўтариламиз.
Бу борада олий таълим таълим таълим муассасаларида олиб борилаётган ижобий ишларни ҳам эътироф этиш лозим.
Дунёнинг илғор рейтингларига кириш учун муносиб ҳисса қўшаётган университет, институт профессор-ўқитувчиларига алоҳида ташаккур айтмоқчиман.
Азиз байрам иштирокчилари!
Жорий йилнинг 19-сентабр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 78-сессияда маъруза қилган Президентимиз бир қатор долзарб масалаларга эътибор қаратиб, жумладан ёшларимизни турли асраш, уларнинг дунёқарашини эзгу ғоялар билан тўйинтириш ҳақида таъкидладилар.
Бугунги тезкор давр, атрофимизда рўй бераётган мураккаб воқеалар, олдимизга янгидан-янги долзарб вазифаларни қўймоқда. Етук малакали ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш йўлида ўғил-қизларимизни илм-фан, маърифат ва маънавият, шунингдек замонавий таълим ютуқлари билан қуроллантиришимиз керак. Буни биз тобора чуқур ҳис қилмоқдамиз.
Ўз соҳасининг билимдони бўлган олимлар, тажрибали педагоглар ҳамда хорижий экспертларни кенг жалб қилган ҳолда, илм, фаннинг энг сўнгги ютуқларини жорий этишга юксак аҳамият қаратмоқдамиз. Энг қиммат ва энг катта бойлигимиз – фарзандларимизнинг тақдирини сиз азиз ўқитувчи ва мураббийларга ишониб топширганмиз.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таъкидлаганлари каби, "Сиз, азиз устоз ва мураббийлар бугун мана шундай ўта масъулиятли жабҳада том маънода тарихий миссияни адо этмоқдасиз. Чунки, Ватан ва халқ манфаати учун мардона курашадиган, ўзининг қатъий ҳаётий позициясига эга, ҳеч кимдан кам бўлмаган ёшларни тарбиялаш – ҳақиқатан ҳам ғоят эзгу ва улуғ вазифадир".
Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар! Азиз байрам иштирокчилари!
Барчангизни 1-октабр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклайман. Кўрсатаётган фидойилик, ибрат намуналари учун миннатдорчилик билдирган ҳолда, сизларга сиҳат-саломатлик, хонадонингизга файз-у барака тилайман.
Касбингиздан барака топиб, элда эъзозли бўлинг.
