Болажонларга "Президент совғаси" топширилди
2025-12-25 17:05:00 / Янгиликлар

Барчамизга маълумки, янги йил байрами юртимизда юқори кайфият ва яхши ниятлар билан нишонланади. Айниқса бу байрам болажонлар учун бир олам қувонч улашади.
Сабаби, ҳар йили юртбошимиз томонидан алоҳида парвариш ва меҳрга муҳтож, етим ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга "Президент совғаси" топширилади.
Бугун вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги раҳбарлар болажонларга мазкур совғаларни улашди.
Дастлаб вилоят раҳбари Қарши шаҳридаги "Имкон" реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган МТТда бўлиб, у ерда тарбияланаётган 150 нафар болаларга давлатимиз раҳбарининг совғаларини топширди. Шунингдек, жараёнлар Қарши шаҳридаги Кичик ҳажмли болалар уйларида ҳам давом этди.
Маълумот учун, аввалроқ вилоятимизга 24 турдаги ўқув қуроллар ва 34 хил ширинликдан иборат бўлган 1099 дона Президент совғалари етиб келган эди.
Тантаналар ҳудудларимиз бўйлаб давом этади.








