Муротжон Азимов Қарши шаҳридаги турар-жой мажмуаси, "Марка" савдо филиали ва болалар майдончасининг очилиш маросимида иштирок этди
2025-12-21 19:55:00 / Янгиликлар

Юртимизда Президентимиз ташаббуслари билан тадбиркорларга яратилаётган қулайликлар туфайли иқтисодиётда хусусий секторнинг улуши ошиб бормоқда. Улар саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, савдо ва хизмат кўрсатиш каби қатор соҳаларда истиқболли лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Бугун вилоятимиз маркази Қарши шаҳрида 2023 йилда тадбиркор Нурбек Эргашев томонидан бошланган ва вилоят ҳокими томонидан старт берилган 700 та хонадонга мўлжалланган 12 та кўп қаватли уйлардан иборат "Султон сарой" турар-жой мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги раҳбарлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Таъкидланишича, 4.3 гектар майдонни эгаллаган мажмуада инсон эҳтиёжи учун зарур бўлган барча шароитлар яратилиши лойиҳага киритилган. Масалан, автотураргоҳлар бинонинг ертўла қисмида, мажмуанинг олд қисмидаги 1-2-қаватларда йирик савдо дўконлари, болалар майдончалари ва бошқа маиший хизмат турлари жой олган. Энг қувонарлиси шуки, мажмуа тўлиқ қуёш панеллари орқали электр энергияси билан таъминланмоқда.
Очилиш маросимида сўз олган вилоят раҳбари Муротжон Азимов тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳолига сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.







