Вилоят ҳокими Германия компаниялари вакиллари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди
2025-12-16 20:15:00 / Янгиликлар

Бугун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов Германиянинг “Просика” ва “Мотиба” компаниялари вакилларини қабул қилиб, меҳнат миграцияси, таълим, тиббиёт ҳамда инвестиция соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Германия билан тартибли меҳнат миграцияси йўналишида амалга оширилаётган лойиҳа республикада илк бор Қашқадарё вилоятида йўлга қўйилаётгани, бу борада ҳудудда кенг кўламли ташкилий ишлар амалга оширилгани қайд этилди.
Вилоят раҳбари немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш, ёшларни касб ва тилга ўқитиш, Германияда иш билан таъминлаш масалаларида Германия томони билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, лойиҳани узоқ муддатли ва барқарор амалга ошириш мақсадида махсус жамғарма ва хусусий бандлик агентлигини ташкил этиш режалари маълум қилинди.
Учрашув якунида томонлар келгусида таълим, миграция, инвестиция, тиббиёт ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдириб, лойиҳа доирасида амалий ишларни жадаллаштириш бўйича келишиб олдилар.







