Кўкдала туманида янги корхона иш бошлади
2025-12-15 17:40:00 / Янгиликлар

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов Кўкдала туманидаги декоратив қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган, дуал таълимга мўлжалланган “Promax plast premium” корхонасининг очилиш маросимида иштирок этди ва ишлаб чиқариш фаолиятини кўздан кечирди.
Мазкур қурилиш материалларини ишлаб чиқариш корхонасига жами 20 млн. доллар инвестиция маблағи киритилгач 250 та доимий иш ўрни яратилади. Бу ерда пластик чиқиндиларни қайта ишлаш йўлга қўйилган бўлиб, пластмасса қувурлар, полиэтилен плёнкалар ва бир неча турдаги декоратив пластик маҳсулотлар ҳамда металл профиллар ишлаб чиқарилади ҳамда тайёрланади.
Ушбу корхонада Халқаро инновацион университетда йўлга қўйилган “Дуал таълим” бўйича талабалар тўлиқ билим ва маҳоратларини ошириб боришади. Яъни, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштирган ҳолда ишлаб чиқариш жараёнида бевосита иштирок этишади. Бу эса ҳудудимизда малакали кадрлар тайёрлашда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Очилиш тадбиридан сўнг вилоят ҳокими Муротжон Азимов янги иш бошлаган корхонада “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирларида иштирок этди.








