Хавфларни бошқариш қўмитасининг 2026 йил иккинчи чорак якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
2026-08-07 20:30:00 / Жамғарма янгиликлари

Жорий йилнинг 7 август куни Пенсия жамғармасида Хавфларни бошқариш қўмитасининг 2026 йил иккинчи чорак якунларига бағишланган навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Қўмита аъзолари, Пенсия жамғармаси раҳбарияти ҳамда масъул мутахассислар иштирок этди.
Йиғилиш давомида давлат молиясини бошқариш тизимида молиявий ва бошқа хавфларни аниқлаш, баҳолаш ҳамда бошқариш бўйича белгиланган талабларнинг Пенсия жамғармаси фаолиятида ижросини таъминлаш, шунингдек, Хавфларни бошқариш қўмитаси фаолиятининг жорий ҳолати муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Пенсия жамғармаси фаолиятида хавфларни самарали бошқариш фуқароларга пенсияларни ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ етказиб бериш, давлат маблағларидан оқилона фойдаланиш, ортиқча тўловларнинг олдини олиш, қарздорликни камайтириш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ахборот тизимлари барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Йиғилишда жорий йил бошида шакллантирилган хавфлар реестри, ундаги ўрта ва юқори даражадаги хавфлар бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасининг 2026 йил иккинчи чораги давомидаги ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. Масъул бўлинмалар томонидан бажарилган ишлар юзасидан ахборотлар тингланиб, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар муҳокама этилди.
Шунингдек, кун тартибига мувофиқ, Қўмитанинг ишчи органи ҳисобланган Ички аудит бошқармасининг иккинчи чоракда хавфларни бошқариш жараёни юзасидан амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Чора-тадбирлар режасининг ижроси танқидий таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш, хавфларни камайтириш бўйича қўшимча таклифлар кўриб чиқилди ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинди.
Йиғилиш якунида хавфларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, белгиланган вазифалар ижросини тизимли назорат қилиш ҳамда масъул бўлинмалар фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар белгиланди.



