Пенсия жамғармаси соҳасида қўлланиладиган оммабоп атамалар луғати
Пенсия жамғармаси соҳасида қўлланиладиган оммабоп атамалар луғати
пенсия – уни олиш ҳуқуқи Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ аниқланадиган ҳамда шахсларга пенсия ёшига тўлиш, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик муносабати билан бериладиган ойлик пул тўлови;
ёшга доир пенсия – уни олиш ҳуқуқи Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ аниқланадиган ҳамда шахсларга пенсия ёшига тўлиш муносабати билан бериладиган ойлик пул тўлови;
ногиронлик пенсиялари – қонунчиликда белгиланган тартибда уни олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга ногиронлик белгиланиши муносабати билан тайинланадиган пенсия тури;
ногиронлик гуруҳлари – соғлиғи ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига қараб белгиланган ногиронликнинг И, ИИ ва ИИИ гуруҳлари;
боқувчисини йўқотганлик пенсиялари – қонунчиликда белгиланган тартибда вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган уни олиш ҳуқуқига эг меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига тайинланадиган пенсия тури;
етим бола – отаси ёки онаси вафот этган ёки улар суд қарорига асосан вафот этган деб эълон қилинган бола (ушбу Низомда қонунчиликда белгиланган тартибда 18 ёшга тўлмаган ёки таълим муассасаси ўқувчиси (талабаси) бўлган 23 ёшгача бўлган пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган боқувчисини йўқотган бола назарда тутилган);
чин етим бола – ҳам отаси, ҳам онаси вафот этган ёки улар суд қарорига асосан вафот этган деб эълон қилинган бола (ушбу Низомда қонунчиликда белгиланган тартибда 18 ёшга тўлмаган ёки таълим муассасаси ўқувчиси (талабаси) бўлган
23 ёшгача бўлган пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган боқувчисини йўқотган бола назарда тутилган).
"Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида"ги Низомда (№592) қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади
банд шахс — ўзини иш билан мустақил таъминлайдиган ва иш вақтини ҳисобга олиш мумкин бўлмаган жисмоний шахс, якка тартибдаги тадбиркор, меҳнат шартномаси асосида чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, солиқни ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш мажбурияти зиммасига юклатилмаган иш берувчидан даромадлар олувчи жисмоний шахслар, 2021 йил 1 июндан кейинги давр учун турмуш ўртоғининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадидан ихтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўланган жисмоний шахс, жазони ижро этиш муассасаси томонидан ҳар қандай бажарган иши учун ижтимоий солиқ тўланган шахс, қонунчилик ҳужжатларига асосан ўзини ўзи банд қилган шахс, шу жумладан, юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи, бевосита қорамол ўстирадиган ҳамда чорвачилик маҳсулотлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотадиган шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжалигида банд бўлган шахс, шунингдек, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик субъекти;
иш стажи — меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси) ва иш жойидан, хизматдан, ўқишдан ёки архивдан берилган бошқа ҳужжатлар бўйича аниқланган, ишдаги танаффуслардан қатъи назар, қонунчиликка мувофиқ пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган меҳнат фаолияти ва бошқа фаолиятнинг умумий давомийлиги;
иш ҳақи — шахснинг пенсияни ҳисоблаш (қайта ҳисоблаш) учун қабул қилинадиган иш ҳақи;
махсус иш стажи — халқ хўжалигининг муайян тармоқларида, касблар ва лавозимларда қонунчиликка мувофиқ имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган меҳнат фаолиятининг давомийлиги;
нафақа — Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ давлат пенсиясини олиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга нафақа ёшига тўлиши, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик муносабати билан бериладиган ойлик пул тўлови;
пенсия — уни олиш ҳуқуқи Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ аниқланадиган ҳамда шахсларга пенсия ёшига тўлиш, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик муносабати билан бериладиган ойлик пул тўлови;
пенсия ва бошқа тўловлар — давлат пенсиялари, шунингдек, фахрий унвонга сазовор бўлган пенсионерларга қўшимча ҳақ, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам миқдорда пенсия олувчи шахсларга ва 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига ҳар ойлик қўшимча тўловлар, уй-жой коммунал хизматлари тўловлари ҳамда автобензин сотиб олиш харажатлари учун ҳар ойлик пул компенсация тўловлари, 1941 — 1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга, ойлик қўшимча тўлов, Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларга ва 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ҳар йили санаторийларда соғломлаштириш курсини олиш ўрнига йўлланманинг ўртача қийматига тенг компенсация тўловлари, Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрган Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилувчи фуқароларга ва ядро полигонлари ҳамда бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахсларга йиллик бир йўла моддий ёрдам пуллари, 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахсларга йиллик бир марталик пул мукофотлари, 1941 — 1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга бепул етказиб бериладиган зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ўрнига кийим-кечак хариди учун ҳар йили август ойида тўланадиган компенсация пули, пенсиялардан алимент тўловлари, ўрнатилган тартибда тугатилган ташкилотлар ходимларига уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларига чалиниши ёки саломатликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарар суммалари;
пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди турадиган жой — пенсионер яшаш жойи бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг (кейинги ўринларда — Пенсия жамғармаси) туман (шаҳар) бўлими (кейинги ўринларда — Пенсия жамғармаси бўлими);
пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди (пенсия иши) — улар асосида пенсия сўраб мурожаат қилган шахсга пенсия тайинланган ҳужжатларнинг тикилган туркуми ва/ёки Пенсия жамғармасининг «Пенсия» ахборот тизимида (кейинги ўринларда — ахборот тизими) сақланадиган пенсия сўраб мурожаат қилган шахснинг электрон кўринишдаги пенсияга оид ҳужжатлари ва/ёки маълумотлари;
ахборот тизими — Пенсия жамғармаси ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари;
пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этиш — шахснинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига бевосита ташриф буюрган ҳолда ариза бериши, шахснинг яшаш жойидан қатъи назар экстерриториал тамойил асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат хизматлари марказлари орқали (кейинги ўринларда — Давлат хизматлари маркази) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан (кейинги ўринларда — ЯИДХП) рўйхатдан ўтиб сўровномани тўлдирган ҳолда пенсия тайинлаш учун мурожаат қилиши;
пенсияни қайта ҳисоблашни сўраб мурожаат этиш — пенсия миқдорини қайта ҳисоблаб чиқиш, пенсиянинг бир туридан бошқа турига ўтказиш, илгари тўхтатиб қўйилган (тўхтатилган) пенсия тўлашни белгиланган тартибда тиклаш (қайта тиклаш) тўғрисида яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига ариза бериш;
шахс — Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган ва белгиланган тартибда истиқомат учун берилган гувоҳнома олган хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс;
яшаш жойи — турар жой, квартира, хизмат турар жойи, ихтисослаштирилган уйлар (ётоқхона, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар учун Ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказлари ва бошқалар), шунингдек, пенсия учун мурожаат қилган жисмоний шахс ижарага олиш шартномаси (иккиламчи ижара), ижара шартномаси ёхуд қонунчиликда назарда тутилган бошқа асослар бўйича мулкдор сифатида доимий яшайдиган (доимий рўйхатдан ўтган) бошқа турар жой, доимий яшаш жойи мавжуд бўлмаган (доимий рўйхатдан ўтмаган) тақдирда — вақтинча яшаш (вақтинча рўйхатдан ўтиш) жойи;
қонуний вакил — қонунчиликда белгиланган тартибда шундай деб эътироф этилган ота-оналар, фарзандликка олувчи, етим бола ва/ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани оилага тарбияга (патронат) олувчи, васий ёки ҳомийлик қилувчи;
қайднома — пенсионер фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, паспорт (идентификация ID-карта) маълумотлари, пенсия тўлов муддати, миқдорига доир маълумотлар акс эттирилган, пенсия тўлови учун пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ва тижорат банки филиалига тақдим этиладиган электрон шаклдаги ҳужжат;
пенсия ва бошқа тўловларни етказиб бериш (топшириш) даври — пенсия ва бошқа тўловларни етказиб бериш (топшириш) амалга ошириладиган жорий тўлов ойининг тўртинчидан йигирма еттинчи санасигача бўлган давр;
пенсия ва бошқа тўловларни етказиб бериш участкаси — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари бинолари, пенсия олувчилар томонидан пенсия ва бошқа тўловларни олиши учун қулай бўлган бошқа маъмурий бинолар;
сайёр касса — касса тармоғидан ташқарида, пенсия ва бошқа тўловларни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ёки тижорат банкининг махсус автомашинаси ёрдамида аҳоли яшаш жойига чиққан ҳолда пенсия ва бошқа тўловларни тарқатиш ҳамда коммунал ва бошқа турдаги тўловларни қабул қилиш учун ташкил қилинган етказиб бериш юклатилган тижорат банк кассаси.
