Давлат аудитида сунъий интеллектни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
2026-07-23 20:20:00 / Жамғарма янгиликлари

Жорий йилнинг 23 июль куни Пенсия жамғармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат аудити фаолиятида сунъий интеллект ва рақамлаштиришни янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ–123-сонли Фармони ижросига бағишланган семинар-йиғилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ҳисоб палатаси вакили У.Артиқмурадов, Пенсия жамғармаси раҳбарияти ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Семинар-йиғилишда Фармон билан давлат аудити тизимида янги ёндашув жорий этилаётгани таъкидланди. Энди назорат ишлари фақат камчиликларни аниқлаш билан чекланмай, хавф-хатарларни олдиндан баҳолаш ва бартараф этишга қаратилган проактив тизим асосида амалга оширилади.
Шунингдек:
➖ масофавий ташқи аудитни кенг жорий этиш;
➖ сунъий интеллект технологияларидан аудит жараёнларида самарали фойдаланиш;
➖ ахборот тизимларини "Давлат аудити" платформасига интегрatsiя қилиш;
➖ 2029 йилга қадар масофавий аудит улушини камида 75 фоизга етказиш;
➖ юқори малакали аудиторлар тайёрлаш каби устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Семинар-йиғилиш якунида Фармон ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, масъулларнинг вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда амалий чора-тадбирларни изчил амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.



