Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати раҳбарияти томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йили давомида ўтказилган сайёр ҳамда шахсий қабуллар тўғрисида
2026-07-03 17:55:00 / Жамғарма янгиликлари
Пенсия жамғармаси раҳбарияти томонидан 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида фуқаролар билан очиқ мулоқотлар тизимли ташкил этилди.
Фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда пенсия таъминоти соҳасидаги муаммоларни жойида ҳал этиш Пенсия жамғармаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонуни ҳамда давлат органлари фаолиятида "Инсон – жамият – давлат" тамойили асосида Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати раҳбарияти томонидан фуқаролар учун шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда.
Хусусан, Пенсия жамғармаси раҳбарияти томонидан ҳудудларда 14 та сайёр қабуллар ўтказилди.
2026 йилнинг ўтган биринчи ярим йиллигида тасдиқланган режа-график асосида ҳудудларда жами 14 маротаба сайёр қабул ташкил этилди.
Жумладан:
- 5 та сайёр қабул — ижро этувчи директор;
- 5 та сайёр қабул — ижро этувчи директорнинг биринчи ўринбосари;
- 4 та сайёр қабул — директор ўринбосари томонидан ўтказилди.
- Сайёр қабулларда жами 713 нафар фуқаролар иштирок этди.
Шундан 129 нафар фуқаро ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мурожаат қилди.
Мурожаатларнинг 65 таси (50,4 фоизи) жойида ижобий ҳал этилиб, фуқароларга амалдаги қонунчилик талаблари юзасидан батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Қолган 64 та мурожаат ёзма равишда қабул қилиниб, белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Натижада:
- 35 та мурожаат ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал этилди;
- 24 та мурожаат ижобий ечим топди;
- 5 та мурожаат ваколат доирасидан келиб чиқиб тегишли ташкилотларга юборилди.
Фуқаролар мурожаатларини жойида ва тезкор кўриб чиқиш билан бир қаторда, Пенсия жамғармаси раҳбарияти томонидан шахсий қабуллар ҳам мунтазам равишда ташкил этиб борилди.
Ҳисобот даврида Пенсия жамғармаси раҳбарияти томонидан жами 12 маротаба шахсий қабул ўтказилди.
Уларнинг 2 таси видеоконференсалоқа шаклида ташкил этилиб, узоқ ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун масофадан туриб мурожаат қилиш имконияти яратилди.
Мазкур қабуллар давомида фуқароларнинг пенсия тайинлаш, пенсия миқдорини ҳисоблаш, иш стажини тасдиқлаш, имтиёзли пенсиялар ҳамда бошқа ижтимоий масалалар юзасидан мурожаатлари тингланиб, уларни қонунчилик асосида ҳал этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди.
Очиқ мулоқот — фуқаролар ишончини мустаҳкамламоқда
Пенсия жамғармаси раҳбарияти томонидан жойларда ташкил этилаётган сайёр қабуллар фуқароларнинг муаммоларини бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларни ортиқча овора қилмасдан тезкор ҳал этиш имконини бермоқда.
Шунингдек, фуқароларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитиш, уларга ҳуқуқий маслаҳат бериш ҳамда пенсия қонунчилигидаги янгиликларни тушунтириш ишлари ҳам сайёр қабуллар доирасида изчил амалга оширилмоқда.
Фуқаролар манфаати — устувор вазифа
Пенсия жамғармаси томонидан фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, раҳбариятнинг жойлардаги очиқ мулоқотларини кенгайтириш ҳамда мурожаатларни қисқа муддатларда сифатли кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Келгусида ҳам тасдиқланган режа-график асосида шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам давом эттирилиб, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, пенсия тизимидаги долзарб масалаларни жойида ҳал этиш ҳамда аҳолининг Пенсия жамғармаси фаолиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш йўлида тизимли ишлар изчил давом эттирилади.
Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати
